Линклар

logo-print

Яна бир диндор Ўзбекистонга қайтарилди

  • Озодлик

http://gdb.rferl.org/5206462B-A36A-4339-8466-32AF434C52F1_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/5206462B-A36A-4339-8466-32AF434C52F1_mw800_mh600.jpg Россия исломий радикал гуруҳ даъватчиси эканликда гумонган Ўзбекистон фуқароси Ҳаётжон Жўрабоевни ўз юртига депортация қилди. У Пермь ва Бошқирдистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказган рейд чоғида қўлга олинган.

Ҳ.Жўрабоев расман маъмурий қоидабузарликда айбланиб, Пермь суди томонидан саккиз минг рубль жаримага тортилган ва мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юборилган.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Пермь ўлкаси бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Леонид Николаев сўзларига кўра, Ҳ.Жўрабоев 17 июль куни Уфага жўнатилган ва шу куниёқ Ўзбекистонга депортация қилинган.

“Ҳ.Жўрабоев чет эл фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида яшаш тартибини бузгани, оддий қилиб айтганда, қайддан ўтмагани сабабли мамлакатдан чиқариб юборилган”,- деди Леонид Николаев.

Аммо ФХХнинг Пермь ўлкаси бошқармаси тарқатган расмий баёнот Ҳ.Жўрабоевга анча жиддий гумонлар юкланганини кўрсатади.

Баёнотда айтилишича, Ҳ.Жўрабоев ўз юртида диний таълим асосларини ўргангандан кейин 1994 йили экстремистик гуруҳларга қўшилган. Бу фаолиятини давом эттириш ниятида бўлган Ҳ.Жўрабоев 2005 йилда миссионер сифатида Қозонга келган ва у ердан Пермга йўл олган. Аниқланишича, Ҳ.Жўрабоев Пермда ижарага уй олиб, ўзига ўхшаш ўнлаб муҳожирларга ислом дини асосларидан дарс берган.

Москвада яшаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ҳ.Жўрабоевни шахсан танишини маълум қилди.

“Тахминан 1,5 йил илгари Москвада Ҳ.Жўрабоев билан учрашган эдим. Кўринишидан у жиноятчи ëки бировга хиëнат қиладиган одамга ўхшамасди. У Ўзбекистонда мусулмонларга эркинлик берилганда, уларнинг ғами билан яшаш ва масжидларга ëрдам бериб юриш ниятида эканини айтган эди”, - деди Баҳром Ҳамроев.

Унинг таъкидлашича, халқаро жамоатчилик танқидларига қарамай, Россия Ўзбекистон фуқароларини ўз юртига эктрадиция қилишда давом этмоқда.

“Руслар расмий экстрадицияга рухсат этилмаган тақдирда ўғирлаб кетиб бўлса ҳам одамларни ўз юртига бериб юборяпти”,- деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG