Линклар

Озарбойжон қозоқ нефтига ошиқ


Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Қозоғистонга расмий ташрифи давомида Қозоғистон нефтини жаҳон бозорига Озарбойжон ҳудуди орқали ташиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу йўналиш нефтни Россия орқали ташиш лойиҳасига муқобил ҳисобланади. Аммо расмий Остона бундан аввалроқ Европа бозорига фақат Россия орқали чиқишини маълум қилган эди.

И.Алиев сўнгги уч йилда Остонага қилган иккинчи сафарида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан нефтни Озарбойжон орқали транзит қилишни сўради.

“Озарбойжон Қозоғистон энергия ресурслари ва юкларининг ўз ҳудуди орқали эркин ўтиши учун барча ишни қилишга тайёр. Бизда нефть ва газни Европа ва жаҳон бозорларига етказиш учун замонавий инфратузилма яратилган”, - деди И.Алиев.

Н.Назарбоевнинг айтишича, Озарбойжон Қозоғистон учун транзит давлат сифатида қизиқарлидир.

“Аввал келишилганидек, Боку-Тбилиси-Жейҳан лойиҳасида қатнашамиз. Келажакда газ лойиҳаларида иштирок этамиз, темир йўл орқали Қора денгизга чиқамиз”,- деди Н.Назарбоев.

Озарбойжонлик кузатувчи Алпай Аҳмет сўзларига кўра, нефтга бой бўлган Қашағон кони ишга тушса, Озарбойжон йилига 20 миллион тонна қозоқ нефтини транзит қилишга умид билдирмоқда. Энг муҳими, Каспий орқали ўтадиган Оқтов-Боку нефть қувурини тезроқ ишга туширишдир. Нефть айнан шу йўналиш орқали ўтишидан АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам манфаатдор.

Аммо қозоғистонлик кузатувчилар гарчи Н.Назарбоев бу лойиҳаларда иштирок этишнинг фойдасини тушунса-да, Москва билан келишмай иш тута олмаслигини айтмоқда.

Сиёсатшунос Валихон Қайсаров транзит масаласи Қозоғистонда нефть қазиб олиш ҳажмини оширишга тўсиқ бўлаётганини таъкидлади.

“Ҳозир Россия фақат Қозоғистон нефти ва гази транзити учун пулни ўз чўнтагига уриш билан овора. Россия ўз ҳудудидан 20 миллион тоннадан ортиқ нефть ўтказишга рухсат бермаяпти. Шу сабабли Қозоғистон нефть қазиб олиш ҳажмини кўпайтира олмаяпти”, - дейди В.Қайсаров.

Сиёсатшунос Берик Абдуғалиев ҳам Россия Қозоғистон нефти транзити масаласида осонгина ён босмаслигини билдирди.

“Нефть транзити Россияга катта фойда келтиради. Шу сабабли Россия ҳозир Қозоғистон нефтини бошқа йўналиш орқали ташишга розилик бермайди. Қозоғистон Россия талабига қарши чиқса, расмий Москва бизга сиёсий ва иқтисодий босим ўтказа бошлайди”, - дейди Б.Абдуғалиев.
XS
SM
MD
LG