Линклар

logo-print

Грузия халқаро ҳамжамиятни Россияни қоралашга чақирмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Грузия президенти Михаил Саакашвили яна бир бор Россияни Грузия ҳудудига ракета отиб, агрессия содир этганликда айблади ва халқаро ҳамжамиятни Москванинг бу амалини қоралашга чақирди.

Грузия расмийлари таъкидича, Россия самолётлари Грузия ҳаво ҳудудига 70 километр кириб борган ва 700 килограммли ракета отган, аммо ракета портламаган.

Грузия президенти М.Саакашвили сешанба куни Тбилисидан 60 километр шимоли-ғарбда Жанубий Осетияга яқин Цителубани қишлоғига борди. Ўша жойда “Рейтер” мухбири билан суҳбатда президент халқаро ҳамжамиятни ушбу ҳужум ортида турганларни қоралашга чақирди.

“Бу Эстонияга қарши уюштирилган компьютер хуружлари, март ойида Грузия ҳудуди бомбардимон қилиниши каби воқеалар занжири ҳалқаларидир ва бу халқаро ҳамжамиятнинг кескин қаршилигисиз қолди. Шу боис, буни қилаётганлар амаллари жавобсиз қолаётгани ҳақидаги хулосага келмоқда. Менимча, вақт борида бунга чек қўйилиши керак”, - деди М.Саакашвили.

Россия билан Грузия ўртасидаги муносабатлар Совет Иттифоқи қулаган 1991 йилдан буён зиддиятли бўлиб келган. Айниқса, ўтган йили Грузия тўрт рус офицерини жосусликда айблаб мамлакатдан чиқариб юборганидан сўнг муносабатлар янада ёмонлашди. Бу дипломатик можарога, Москванинг қўшнисига нисбатан иқтисодий жазо чоралари жорий этишига ва кўплаб грузин фуқароларининг Россия ҳудудидан чиқариб юборилишига сабаб бўлган эди.

Тбилиси расмийлари Кремлни Россия ҳарбий самолётлари Грузия ҳаво ҳудудини бузганликда тез-тез айблаб туради. Охирги марта Москвага нисбатан бундай айблов шу йил март ойида янграган эди. Россия эса буни рад этади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги ҳодиса юзасидан берган баёнотида Жанубий Осетияда вазиятни кескинлаштириш мақсадида Грузиянинг ўзи буни қилган бўлиши мумкин, деган иддаони илгари сурди.

Россия ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони ўринбосари Анатолий Наговицин бу ракета ҳужумида Россияни айблаш учун грузин расмийларида асос йўқлигини билдирди.

Аммо Грузия бу Россиянинг иши эканига шак-шубҳа қилаётгани йўқ. Тбилиси расмийлари радарлар самолётлар Россиянинг Шимолий Кавказдаги ҳарбий базасидан учиб келганини кўрсатганини айтмоқда.

“Инкор этиб бўлмас фактларга эгамиз. Бизда радар қайд этган ҳужжатлар бор. Радарларимиз Грузия ҳаво ҳудудидаги барча парвозларни қайд этади”, - деди Грузия мудофаа вазири ўринбосари Бату Кутелиа.

Сўнгги ҳолат Грузия ва Россия ўртасидаги шундоқ ҳам таранг вазиятни янада кескинлаштирди ва бу чет давлатларда хавотир билан қарши олинди. АҚШ давлат котибининг Европа масалалари бўйича ёрдамчиси Мэтью Брайза Россиянинг ҳаво ҳужумини Грузиянинг ўзи уюштиргани ҳақидаги иддаосини кескин рад этди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Испания ташқи ишлар вазири Мигел Анхел Моратинос эса томонларни босиқликка чақирди.
XS
SM
MD
LG