Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 01:10

Диний арбоблар масжидлар ёпилаётганидан ташвишда


Тожикистон парламенти юқори палатаси аъзоси Ҳожиакбар Тўражонзода ва Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ҳукумат мулозимлари фуқаролар диний эркинлигини чеклаётганидан хавотир билдирди.

Уларнинг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон номига ёзилган очиқ хатида амалдорларнинг бу хатти-ҳаракатлари мамлакатда беқарорликка олиб келишидан огоҳлантирилган.

М.Кабирий “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Душанбени қайта қуриш бош режаси асосида шаҳар маркази атрофидаги масжидлар бузиб ташланаётганини айтди.

“Президент “Ал-Жазира” телевидениесига интервьюсида Тожикистонда масжидлар бузилаётгани ҳақидаги саволга жавобан бу ёлғон овозалар эканини таъкидлаган эди. Назаримда, президент айрим динбезори мулозимларнинг бу амалларидан хабарсиздек. Аммо айрим амалдорлар атайин давлат раҳбари сиёсатига зид иш тутиб, халқаро ҳамжамият олдида Тожикистон ва президентни обрўсизлантирмоқда. Шуни назарга тутиб, биз президент номига хат йўллаб, фуқаролар диний эркинлиги поймол этилишига чек қўйишни сўрадик”, - деди М.Кабирий.

Унинг сўзларига кўра, Сино туманида юздан ортиқ масжид асоссиз тарзда беркитилмоқда. Уларнинг айримлари шаҳарнинг аввалги раҳбари имзолаган қарор асосида фаолият юритиб келган, аксарият масжидлар советлар даврида қурилган.

“Фикримча, масжидларни бузиш, фаолиятини тўхтатиш ўрнига уларнинг ҳужжатларини тўғри расмийлаштиришга кўмаклашиш лозим эди. Агар масжидларни бузиш ҳаракатлари тўхтатилмаса, тожик жамиятида яна келишмовчиликлар келиб чиқиши мумкин”, - дейди Ислом уйғониш партияси раиси.

Очиқ хат муаллифлари маълумотларига кўра, шу кунларда мамлакат жанубидаги айрим туманларда яна 17 та масжид фаолияти тўхтатилган. Масжид ҳужжатларини расмийлаштириш учун ҳукумат идораларининг 12 тасидан имзо йиғиш шарт экани таъкидланмоқда.

Душанбе шаҳри маъмурияти вакиллари “Озодлик” мухбирининг масжидлар бузилаётгани ёки фаолияти тўхтатилаётгани ҳақидаги саволларига жавоб беришни истамади.
XS
SM
MD
LG