Линклар

Австрия суди қарори Қозоғистоннинг мағлубияти...ми?


Австрия суди Роҳат Алиевни ўз юртига экстрадиция қилишдан бош тортганини Қозоғистондаги маҳаллий кузатувчилар президент Нурсултон Назарбоев ва яқинларининг мағлубияти сифатида талқин қилаётир.

Вена суди Н.Назарбоевнинг собиқ куёви, Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси Р.Алиев қайтарилмаслигига сабаб қилиб Қозоғистонда унинг иши обьектив кўриб чиқилишига кафолат йўқлигини келтирган. Шунингдек, суд қарори қатъий экани ва қайта кўриб чиқилмаслиги ҳам маълум қилинган. Ҳозирча расмий Остона Австрия судининг бу қарорига муносабат билдиришга шошилаётгани йўқ.

Аммо “Нурбанк”нинг Р.Алиев одамлари томонидан ўғирлангани айтилаётган собиқ раҳбари Жўлдас Темиралиевнинг рафиқаси Армонгул Капашева Р.Алиев билан Венада учрашиб, эрининг ўғирланиши масаласига аниқлик киритиш ниятидан қайтмаганини айтаётир.

Қозоғистонда Р.Алиевга қарши ўта оғир жиноятлар, жумладан, одам ўлдириш ва ўғирлаш айблари қўйилмоқда. Шу пайтгача мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари жамоатчиликни Р.Алиев иши яқин кунларда ҳал этилиб, у август ичида юртига экстрадиция қилинишига ишонтириб келаётганди.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, Қозоғистон томони Р.Алиевнинг жиноятчи эканини исботлаб берса ҳам уни юртига қайтаришнинг имкони бўлмайди. Бу эса Қозоғистоннинг мағлубияни англатади. Қолаверса, мағлублар қаторидан президент Н.Назарбоев, унинг атрофидагилар ҳамда оила аъзолари ҳам ўрин олади.

Мустақил сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Р.Алиев иши рус олигархи Борис Березовский ишини эслатаётганини билдирди.

“Россия Буюк Британиядан сиёсий бошпана топган Б.Березовскийни юртига қайтариш имконини топа олмаяпти. Қозоғистон ҳам Россиянинг хатосини такрорлади. Р.Алиев Австрияда қолса, унга Қозоғистон ҳукуматининг қўли етмаслигини аниқ билган. Ҳозир у Қозоғистон, жумладан, Н.Назарбоевга қарши компроматларни ишга солишга тушади. Қозоғистон президенти ва унинг атрофидагилар содир этган коррупция жиноятларининг Р.Алиев томонидан фош этилиши шахсан Н.Назарбоев ҳамда унинг яқинлари ва оила аъзоларига катта таҳдиддир”, - деди Д.Сатпаев.

Олмаоталик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мария Пульман сўзларига кўра, Қозоғистон ҳукумати Р.Алиев ишини ҳаддан ташқари сиёсийлаштириб юборган ва шу сабабли Австрия суди чиқарган қарорни асосли ҳисобласа бўлади.

“Афсуски, биз қонунчилиги буткул вайрон бўлган мамлакатда яшаяпмиз. Шу сабабли Р.Алиевни жазога тортиш учун Қозоғистонда адолатли, объектив, ҳар тарафлама тергов ўтказишнинг имкони йўқ. Муҳожирликда, ўзга юртда ватанга қайта олмай яшашнинг ўзига яраша азоб ва машаққатлари бор. Р.Алиевнинг Қозоғистонга қайта олмаслиги ҳам содир этган жиноятларига жазо бўлади”, - дейди Мария Пульман.
XS
SM
MD
LG