Линклар

ШҲТ ҳарбий машқлари кўлами кенгайиб боряпти

  • Замира Шукур

9 август куни Россиянинг Челябинск вилоятида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳарбийларининг “Тинчлик миссияси 2007” деб номланган кенг кўламли машқлари бошланди.

Жами 6,5 минг ҳарбий ва 80 дан ортиқ самолёт жалб қилинган бу амалиёт, Россия қўшинлари қўмондонлиги тарқатган хабарга кўра, ШҲТ тарихидаги энг йирик қўшма машқлардир.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманида эса мазкур машқларнинг штаб босқичи бўлиб ўтмоқда. Ташкилот расмийлари бу машқлар терроризмга қарши биргаликдаги курашни мувофиқлаштириш ва аъзо давлатлар аксилтеррор тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётганини билдираётир.

1996 йилда Хитой ва Марказий Осиëдаги собиқ иттифоқ республикалари ўртасидаги чегара муаммоларини тинч йўл билан ҳал этиш ва ўзаро ишонч барпо этиш мақсадида тузилган ШҲТ кейинги пайтларда айнан терроризмга қарши биргаликда курашни ўз олдидаги устивор мақсадга айлантираëтгани айтилади.

Лондондаги иқтисодий таҳлил маркази хитойшуноси Дункан Иннес-Кер шундай фикрда.




“Исломий террор гуруҳларига қарши кураш ШҲТ аъзоларини бир-бирига мустаҳкамроқ боғловчи кучли ипдир”, - дейди британиялик бу таҳлилчи.

Бу эса бежиз эмас. Ташкилотга аъзо ҳар бир давлат ҳукумати терроризмга қарши кураш дер экан, ўз ҳокимиятига таҳдид солаëтган ëки ўзи учун муттасил бош оғриғи бўлиб келаëтган гуруҳларни назарда тутади. Кремль учун бу, асосан, чечен айирмачиларини, Пекин учун мустақиллик учун курашаëтган уйғур миллатчилигини, Ислом Каримов учун Ўзбекистон исломий ҳаракатини англатади.

Шинжон ва Челябинскда турли сценарийлар асосида амалий машқлар айни шу гуруҳлар ўз ҳудудларидаги барқарорликка раҳна солиши ва бу беқарорликнинг сарҳадлар оша қўшнилар ҳудудига ҳам тарқалиши олдини олиш мақсадида ўтказилаётгани айтилади.

Лондондаги Жейн ахборот гуруҳи таҳлилчиси Мэтю Климентс фикрича, бундай беқарорлик юзага чиқиш хавфи Марказий Осиëнинг авторитар режимлар қўлидаги давлатларида кучли бўлгани учун ШҲТ ҳарбий машқларида кўпроқ мазкур минтақа билан боғлиқ эҳтимолларга ҳозирлик кўрилади.




“Менимча, МО беқарорлик чиқиши эҳтимоли энг кучли ҳудуд. Агар минтақанинг Афғонистонда етиштирилаëтган кўкнори йиғиладиган марказ экани инобатга олинса, бу эҳтимолнинг қанчалик катта экани кўрилади. Қолаверса, Фарғона водийсида беқарорлик чиқиш таҳдиди сақланиб қолмоқда. Агар водийда беқарорлик юзага чиқса, бу Россиянинг жанубий, Хитойнинг эса ғарбий қанотига таҳдид туғилди демакдир”, - дейди Мэтю Климентс.

М.Климентс ва Ғарбнинг бошқа таҳлилчилари ШҲТ ўтказаëтган “Тинчлик миссияси-2007” ҳарбий машқларининг терроризмга қарши кураш доирасига сиғмаслигига ҳам эътибор қаратмоқда.

Шу боис, айрим мутахассислар Россия ва Хитойнинг минглаб ҳарбийлари машқини олаëтган уруш ўйинлари АҚШ ва ҳатто НАТО кучлари билан келажакда юзага чиқиши мумкин тўқнашувларга ҳозирлик бўлиши мумкин, деган фикрни ўртага ташламоқда.

АҚШ армияси ҳузуридаги уруш тадқиқотлари коллежининг миллий хавфсизлик бўйича профессори Стефен Бланк ҳам шу фикрда бўлиб, бу АҚШнинг расмий нуқтаи назари эмас, ўз шахсий кузатишлари эканини таъкидлайди.

“ШҲТ ўтказаëтган машқлар кўлами тобора кенгаймоқда ва кўпгина экспертлар бу машқлар аксилтеррор амалиëтлари ëхуд МО ҳудудлари билан чекланишига ишончсизлик билан қарамоқда. 2005 йил августда ШҲТ ҳомийлигида Россия ва Хитой ҳарбийлари ўтказган қўшма машқлар кўлами шу қадар катта, унда қатнашган қўшин ва қурол-яроғ таркиби шу қадар омухта эдики, кўпчилик бу машқларнинг нафақат МО, балки Тайван ëхуд Кореяда юзага чиқиши мумкин кутилмаган урушга ҳозирлик, дея баҳолаганди”, - дейди С.Бланк.

Унинг таъкидича, Хитой яқин келажакда Шимолий Кореяда ҳокимият қуласа, АҚШ қўшинларининг бу давлатга бостириб кириши ëхуд Тайван ўз мустақиллигини эълон қилган тақдирда бошланадиган ҳарбий қарама-қаршиликка тайëр туришга уринаётир.

Шундай бўлса-да, профессор Бланк ШҲТ раҳбарларини ҳозир кўпроқ ташвишга солаëтган омил Қирғизистондаги лола инқилобининг минтақа бўйлаб ëйилиши эҳтимоли эканини алоҳида қайд этади.

“Бу минтақада террор ҳужумлари ëхуд қўзғолон юз бериш эҳтимоли кучли, деб тахмин қилишга асослар бор. Менимча, ҳукуматларга қарши халқ қўзғолони юзага чиқиши мумкин. Мен 2005 йили Қирғизистонда Акаев ҳукуматига қарши бошланган қўзғолонни бостириш учун ҳеч нарса қила олмагани Россия ва Хитой раҳбариятига ҳамон алам қилаëтган бўлса керак, деган ўйдаман. Шу боис, улар МОда янги инқилоб юз бериш эҳтимолига олдиндан тайëр бўлишга қарор қилган кўринади”, - дейди С.Бланк.

Амалдаги ҳукуматга қарши халқ қўзғолони юзага чиқиш эҳтимоли, айниқса, Ўзбекистонда кучли эканини таъкидлаëтган айрим мустақил таҳлилчилар ШҲТ ҳарбий машқларида айнан Ўзбекистондаги эҳтимолга ҳозирлик кўрилишини билдирмоқда. Шундай бўлса-да, ҳозирча расмий тасдиғини топмаган маълумотга кўра, Челябинскдаги машқларда Ўзбекистон ҳарбий бўлинмалари иштирок этмаяпти. Бунинг ўрнига расмий Тошкент машқларга кам сонли кузатувчилар гуруҳини юбориш билан чекланишга қарор қилган.
XS
SM
MD
LG