Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Туркманистоннинг ўзбек миллатига мансуб собиқ муфтийси озодликка чиқди


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов фармони билан авф этилган бир гуруҳ сиёсий маҳбуслар орасида ўзбек миллатига мансуб собиқ муфтий Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳ ҳам бор.

Қ.Бердимуҳаммедов 11 маҳбус пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) мавлуд куни шарофати билан озод этилаётганини билдирар экан, телекамера қаршисидаёқ бу ҳақдаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, у тантанали саналарда сиёсий маҳбусларни кичик-кичик гуруҳларга бўлиб озод қилиш истагини ҳам яширмади.

Авф этилганлар орасида Туркманистоннинг собиқ президенти марҳум Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштиришда айбланганлар ҳам бор.

Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳ эса 2004 йилда Туркманистон Олий суди томонидан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Мамлакат муфтийси бўлиб ишлаган бу шахс ўзбекистонлик шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан бирга таҳсил олган бўлиб, ислом оламида танилган олим ҳисобланади.

Қамоқдан озод қилингани ҳамоно телекамера қаршисига келтирилган собиқ муфтий эски гиналарни унутиб, кечиримли бўлиш туркманларга хос одат экани таъкидлади.

“Тош билан урганни ош билан ур, деган туркман мақоли бор. Эски гапларни унутиб, эл-улус хизматида бўлсам, қолган умримни тоат-ибодатда ўтказсам дейман”, - деди Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳ.

Туркманистонлик дин пешвосининг қамоқдан озод бўлишини диний эркинликларни ҳимоя қилувчи “Форум 18” халқаро ташкилоти ҳам олқишлади.

“Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳнинг қамоқдан озод бўлиб, оиласи бағрига қайтгани шоëн иш. Собиқ муфтий нимада айблангани ва нима учун қамалгани халқдан яширилган эди. Биз эса доимо уни эътиқод маҳбуси ҳисоблаганмиз”, - деди ташкилот вакили Феликс Корли.

Венадаги “Туркман ташаббуси” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи вакили Фарид Тухватуллин Туркманистонда 11 сиëсий маҳбуснинг озод этилганини “туркман ҳукуматининг олқишласа арзийдиган қадами”, деб баҳолади. У қамоқда жазо ўтаётган бошқа юзлаб сиёсий маҳбуслар ҳам озод этилиши кераклигини таъкидлади.

Кузатувчилар Туркманистонда собиқ Туркманбоши даврида қатағон музликлари аста-секин эрий бошлаганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG