Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:22

Журналистлар автоҳалокатга учради


Олмаотадаги марказий кўчалардан бирида қозоғистонлик уч журналист оилалари билан кетаётган микроавтобус иштирокида автоҳалокат содир бўлди. Натижада бир неча киши оғир тан жароҳати билан шифохонага етказилди.

Автоҳалокатга учраган уч журналистдан бири, “Диалог.кз” сайти масъул муҳаррири Жонибек Сулеев сўзларига кўра, уларнинг микроавтобуси чорраҳада тўхтаб, кўк чироқ ёнгандан кейин ҳаракатни бошламоқчи бўлиб турганида йўл қоидасини бузган бир машина микроавтобусга келиб урилган. Шу тариқа бир неча машина бир-бири билан урилиб кетиб, катта авария содир бўлган.

“Биз ўз оилаларимиз билан дам олишга отлангандик. Авария чоғида микроавтобусимиздаги айримлар қаттиқ жароҳат олди. Журналист Бахитжон Мукушев жуда оғир аҳволда. Унинг аёли, ёш боласи ва ҳайдовчи ҳам ҳозир шифохонада”, - деди Ж.Сулеев.

Олмаотадаги 4-шифохона ходимлари “Озодлик”ка “Политика.кз” газетаси бош муҳаррири Б.Мукушевнинг аҳволи ўта оғирлигини, унинг боши, кўзи, кўкрак қафаси, жағи қаттиқ шикастланганини маълум қилди.

Айни пайтда Олмаота йўл полицияси 4 машина иштирокида содир бўлган бу йирик йўл-транспорт ҳодисаси сабабларини ўрганмоқда. Баъзи маҳаллий нашрларнинг ёзишича, микроавтобусга келиб урилган машина эгаси маст бўлгани тахмин қилинаётир. Бу машина журналистлар тушган автомобилга атайин келиб урилган бўлиши эҳтимоли ҳам соқит қилинаётгани йўқ.

Олмаота йўл полицияи ходими Женгиз Мустафиннинг билдиришича, қоидабузар ҳайдовчининг қони текшириб кўрилади ва экспертиза хулосасидан сўнггина у маст бўлган-бўлмаганини аниқ айтиш мумкн.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина эса ҳозир оғир аҳволда бўлган Б.Мукушев ўз ишининг чинакам усталаридан бири эканини, журналист Ж.Сулеев ҳам ўткир сўзли қаламкаш сифатида танилганини таъкидлади.

“Сўнгги вақтларда Қозоғистонда демократия билан боғлиқ масалаларни ёритиб келаётган журналистларнинг турли автоҳалокатларга учраётгани бизда хавотир уйғотмоқда”,- деди Р.Таукина.
XS
SM
MD
LG