Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 23:06

Хонанда журналистлар устидан прокуратурага шикоят қилди


Душанбе шаҳри прокуратураси “Овоза” мустақил газетасининг уч журналистини шахс шаънини ҳақоратлашда айблаб, улар устидан жиноят иши қўзғатди ва пойтахтни рухсатсиз тарк этмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

Жиноят иши қўзғатилишига “Овоза”нинг июнь ойидаги сонида босилган “Райҳона пи-пи-пи Афғонистон” мақоласи сабаб бўлди.

Гап шундаки, тожик хонандаси Райҳона Раҳимованинг жорий йилда Афғонистонда берган концерт дастури “mynet.tj” сайтида кўплаб мунозарага сабаб бўлган эди. “Овоза” мухбирлари айнан ўша сайтдаги мулоҳазаларга таянган ҳолда мақола тайёрлаб, Тожикистон номидан хорижга ижодий сафарга чиққан хонандалар ўзга юрт саҳнасида ўзини тутмаётганини танқид қилган ва ҳукуматнинг тегишли идоралари бу борада зарурий чоралар кўриши шартлигини таъкидлаган.

Мақола хонанда Райҳона ва журналистлар ўртасидаги қарама-қаршиликка сабаб бўлди ва охир-оқибат иш прокуратурага етиб борди.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов, Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоев ва яна бир неча мустақил оммавий ахборот воситалари вакиллари Душанбе шаҳри прокуратурасига эътирознома йўллаб, “Овоза” журналистлари устидан жиноят иши қўзғатилганидан норозилик билдирди.

Олег Панфилов фикрича, “Овоза”даги мақолада ҳеч қандай ҳақорат ва туҳмат йўқ.

“Журналистлар сайтда фикр билдирган кишилар таҳлилларидан фойдаланган. Шунинг учун ҳам журналистларга жиноий айблов қўйилиши қонунан асоссиздир. Қолаверса, журналистлар касбий фаолияти учун таъқиб қилиниши сўз эркинлиги меъёрларининг бузилишидан дарак”, - деди Олег Панфилов.

“Овоза” журналистлари адвокати Иноят Иноятов мазкур иш мамлакат қонунчилигига кўра, фуқаролик судида кўрилиши лозимлигини таъкидлади.

“Мен ўз ҳимоямдаги журналистлар устидан қўзғатилган жиноят ишини ноқонуний, деб биламан. Шу сабабли Душанбе шаҳри прокуратурасининг бу қарори устидан Бош прокуратурага шикоят аризаси йўлладик”, - деди И.Иноятов

Душанбе прокуратураси вакиллари жиноят ишини тугатиш ёки ҳаракатда қолдириш масаласи журналистлар устидан тергов тугагандан кейин аниқ бўлишини билдираётир.

Айни пайтда “Овоза” газетаси журналистлари устидан тергов бир томонлама давом этмоқда. Ўз шаънини ҳимоялашни сўраб ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза берган Райҳона эса шу кунларда хориж сафарида юрибди.
XS
SM
MD
LG