Линклар

logo-print

Ўзбеклар тирикчилик учун Шимолий муз океанигача ҳам боради

  • Озодлик

Москва маъмурияти 2007 йилда хорижий меҳнат муҳожирларига ажратилган квота сонини 810 минггача оширмоқчи. Қабул қилинган бу қарор ўз-ўзидан ўзбекистонликларга ҳам тааллуқли бўлади.

Москвадаги СИТИ-ФМ радиоси Россия Федерал миграция хизматига таяниб хабар беришича, ҳозир Россия пойтахтида 33 минг москвалик ишсиз рўйхатга олинган, шаҳарда эса 175 минг бўш иш ўрни бор.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам Москва маъмурияти ажратаётган квотага тушиши мумкин. Чунки бугун нафақат Москвада, балки Россиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам қонуний-ноқонуний ишлаётган ўзбек мигрантларини кўплаб учратиш мумкин.

Лекин уларнинг ижтимоий ҳимоясига на Россия, на Ўзбекистон томони эътибор қаратаётгани йўқ. Ватанида пиво ëки ароқ нималигини билмай юрган кўплаб ўзбеклар эса меҳнат машаққати ва иш берувчиларнинг қўпол муносабатидан кейин секин-аста ичкиликка ҳам ўрганмоқда. Шу орқали яқинлар соғинчи ва хўрликларни бир дам бўлса-да, унутишга уриняпти.

Россия Федерал миграция хизмати матбуот котиби Денис Солдатиков сўзларига кўра, қонуний ишлаётган муҳожирлар ҳимояси таъминланиши мумкин. Уларнинг ижтимоий муаммосини ҳал қилиш иш берувчилар зиммасидадир.

Аммо, афтидан, ўзбекистонлик муҳожирларни легаллаштириш масаласи яқин орада ҳал этиладиганга ўхшамайди.

Ўзбекистон Ташқи миграция масалалари агентлиги вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда яқинда Россия ва Ўзбекистон расмийлари томонидан имзоланган меҳнат муҳожирларига оид келишув ҳали кучга кирмагани, Россияга бормоқчи бўлган муҳожирларни қонунийлаштириш механизми ҳозирча йўлга қўйилмаганини билдирди.

Шунга қарамай, ўзбекистонликларнинг шимол томон оқими камаяётгани йўқ. Москвада такси ҳайдайдиган наманганлик Ҳожимурод аканинг таъбири билан айтганда, пул топиб оила боқиш илинжида Шимолий муз океанигача бораман, деган ўзбеклар йўқ эмас.

“Мен ҳозир дала ҳовлилари ёнида турибман. Буларнинг кўпчилигини ўзбеклар қурган. Бундай дала ҳовлиларнинг энг арзони 300 минг доллар. Оддий ишларни қиладиган меҳнат муҳожирлари эса 300 доллар маош олади. Бу ҳам ёмон эмас”, - дейди Ҳожимурод ака.
XS
SM
MD
LG