Линклар

Парвез Мушарраф жирғада қатнашишга розилик берди

  • Озодлик

Покистон президенти Парвез Мушарраф Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларида яшовчи қавмлар оқсоқолларининг Кобулда ўтаëтган тинчлик жирғасида қатнашишга розилик берди.

П.Мушарраф мамлакатида юзага келган қалтис вазият туфайли қавмлар ассамблеясига бош вазир Шавкат Азизни юборган эди. Унинг жирғасида иштирок этишига Афғонистон президенти Ҳомид Карзайнинг унга шахсан қўнғироқ қилгани, шунингдек, АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ҳам Покистон раҳбарига сим қоқиб, асрлар оша ечимини топмай келаётган муаммоларни ҳал этишда ёрдам беришга чақиргани сабаб бўлгани айтилаётир.

Тинчлик жирғасида асосий эътибор чегарадош ҳудудларда “Толибон” ва “Ал-Қоида” жангариларига қарши ҳамкорликда курашиш масаласига қаратилади. Унда ҳар икки давлатдан қавмларнинг 700га яқин оқсоқоллари иштирок этяпти. Шунингдек, анжуманда ҳукуматлар расмийлари ҳам бор. Парвез Мушарраф якшанба куни жирға иштирокчиларига мурожаат қилиши кутилмоқда.

Афғонистонда зўравонликлар тинмаётган бир пайтда тинчлик жирғаси ўтказилиши икки мамлакатнинг тинчлик йўлида курашишга бел боғлаши учун муҳим тадбирдир.

“Ушбу жирға муваффақиятли ўтишига менда шубҳа йўқ. Афғонистон халқи ва биродарларимиз йиғилишнинг муваффақиятли ўтиши учун бел боғлаган”, - деган эди жума куни анжуманнинг очилиш маросимида Ҳомид Карзай.

Аммо Кобулда ҳам, Исломободда ҳам анжуман муваффақият келтиришига шубҳа қиладиган бор. Чунки Афғонистон ва Покистон ўртасидаги келишмовчиликлар кўлами жуда чуқур бўлиб, уни тезда ҳал қилиш ўта мушкулдир.

Канаданинг Торонто шаҳридаги масжидлардан бирининг имоми, афғонистонлик Вакил Абдул Қаюм ушбу жирғада барча қавмлар вакиллари иштирок этмаëтганидан хавотирда.

“Олдинги тажрибалар Покистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эмаслигини кўрсатади. Жирғада қатнашаëтганларнинг жуда ҳам камчилиги Аллоҳ ва унинг пайғамбари йўлидагилардир. Қолганлари эса Покистон разведкаси таъсири остидагилардир”, - дейди имом.
XS
SM
MD
LG