Линклар

logo-print

Швеция - ҳур ўзбеклар ўлкаси

  • Алишер Сиддиқ

“Немис тўлқини” радиосининг Ўзбекистондаги таъқиблардан қочишга мажбур бўлган тошкентлик мухбири Наталья Бушуева Швециядан сиёсий бошпана олди.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда хориж оммавий ахборот воситалари вакилларига босим кучайгандан кейин ҳам Наталья Бушуева мамлакатда 2007 йил мартгача ишни давом эттирди.

24 март куни прокуратура солиқ тўламаслик ва даромадларни яшириш бандлари бўйича Н.Бушуева устидан жиноят иши очилганини эълон қилган эди. Айнан шу куни журналист мамлакатдан қочиб кетган ва унинг қаерда экани номаълум эди.

Н.Бушуева аввалига “Фарғона.ру” сайтига ёзма тарзда ва энди илк бор “Озодлик” радиосига эксклюзив интервью бериб, бошдан кечирганларига ойдинлик киритди.

“Босим аллақачон бошланган эди. Мен “Немис тўлқини” радиосида ишлай бошлаганимда махсус хизмат вакиллари уйимга кела бошлаган эди. Кейинчалик менга нисбатан фитналар уюштирилди. Роппа-роса бир йил аввал шаҳар бўйлаб интим хизматлар таклиф этилган ва менинг телефон рақамим битилган эълонлар ёпиштирилиб чиқилганди. Лекин мени том маънода қочишга мажбур қилган воқеа, албатта, расман жиноят иши очилгани бўлди”, - дейди Н.Бушуева.

Солиқларни Германияга тўлаган (Ўзбекистон бу мамлакат билан икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисида келишувга эга) Наталья ўзига қўйилган айбловлар мунозарали бўлганини ва сўз эркинлигига тоқат қилинмайдиган Ўзбекистонда ўзининг шубҳасиз қамалиши мумкинлигини билдиради. Бундай шароитда мамлакатни тарк этиш вазиятдан чиқишнинг ягона йўлидек туюлди.

“Тез қарор қабул қилишга тўғри келди. Ортиқча кутиш хавфли эди. Томоғимдан шунчалик қаттиқ ушлашган эдики, энди қўйиб юборишмасди. Қочишга тушдим. Мен гўё қамоқхонани тарк этаётган эдим. Лой, ариқлардан, кўприклардан кечишга тўғри келди. Чегарага тортилган тиканли симдан ўтаётганимда кийимларим симга ўралашиб қолди. Бу “қамоқхона”дан шунчалик озод бўлгим келаётгандики, устимдаги кийим йиртилиб кетганига қарамай, жон-жаҳдим билан чегаранинг нариги томонига интилдим. Чегаранинг у бетида эса елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди”, - дейди Н.Бушуева.

Н.Бушуева аввал Қозоғистонга, кейин Қирғизистонга ўтиб БМТнинг қочқинлар идораси ваколатхонасига мурожаат қилди. Тез вақт ичида унга сиёсий қочқин мақоми берилиб, уни қабул қилишга шай турган Швецияга юборилди.

“Бу ер жуда яхши. Одамлари жуда ҳам меҳрибон. Қочиб қутилганимдан хурсандман. Ўзбекистонда улар менга нисбатан ҳар бало қилиши мумкин эди ва журналист учун энг даҳшатлиси уларга бўйин эгиб, айбига иқрор бўлиб, кечирим сўрашдир. Шу ишни қилмаганимдан хурсандман. Менимча, бир зумда барча нарсадан воз кечиб, Ватандан қочишга қарор қилиш жуда катта жасоратни талаб этадиган қадамдир”, - дейди у.

Н.Бушуева мамлакатни тарк этар экан, ҳақ сўзни гапирган журналистлар шаънини ҳимоя қилганини ҳам айтади.

“Акс ҳолда мени ҳамкасбларимга қарши яна қандай туҳматлар қилишга мажбур қилишарди”, - дейди у.

Ҳозир Наталья онаси билан бирга Швецияда сиёсий бошпана олган бир қанча ўзбек журналистлари сафига қўшилди. Ўзбекистонлик журналистлар, сиёсий арбоблар учун Швеция дунёдаги адолат тимсолига айланса, ажаб эмас.

“Менга ёрдам бера бошлаганларида ҳайрон қолган эдим. Демак, қочиб қутиладиган жой бор экан. Демак, бу дунёда адолат қуриб битмаган экан. Бу мени жуда хурсанд қилди очиғи”, - деди Н.Бушуева.

Андижон воқеаларидан сўнг Швецияга қочишга мажбур бўлган ўнлаб журналистлардан бири Юсуф Расулнинг айтишича, Швеция ҳукумати ўзбекистонликларга алоҳида кўмак кўрсатишга моил бир давлатга айланди.

Юсуф Расул ва унинг сафдошлари бугунги кунда Швецияда ўз фаолиятини давом эттира оляпти. Улар Ўзбекистондаги ҳаётни мунтазам ёритиб бориш мақсадида бир неча Интернет саҳифа очган. Швеция дунёдаги энг демократик мамлакат сифатида ҳимояга муҳтож ўзбекистонликларни қабул қилар экан, бу мамлакатнинг мустақил матбуоти Ислом Каримов ҳукуматини “террор режими”, деб атайди.

Швециядаги қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Майкл Уиллиамс сўзларига кўра, Швеция ҳукумати ўзбекистонлик журналистларни фавқулодда ёрдамга муҳтож одамлар сифатида эътироф этган.

“Ўзбекистонликларни қабул қилар эканмиз, бу давлат ҳукуматига муайян нарсаларни баён этамиз. Биз демократик тамойилларга, инсон ҳуқуқларига ишонамиз. Мана шу тамойилларни ҳимоя қилиш биз учун қадрият даражасига кўтарилган”, - деди Майкл Уиллиамс.
XS
SM
MD
LG