Линклар

Тожикистонлик имом хатиблар имтиҳон топширмоқда

  • Гулнора Равшан

Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур тумани жоме масжидида тумандаги масжидларда имом хатиблик қиладиган 25 киши илк бор диний билимлар юзасидан имтиҳон қилинди.

Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг неча фарзанди бўлган, жанозада тўрт такбир ўрнига беш такбир айтилиши тўғрими ва шу каби саволларга жавоб қайтарди. Имтиҳондан яхши баҳо олганлар ҳам, қониқарсиз жавоб берганлар ҳам бўлди.

Диний билими аъло баҳоланган Ҳожи Исматулло масжиди имоми Шаҳиддин имом хатиблар билим савияни аниқлаш мақсадида бундай тадбирлар ўтказилишини давр талаби, деб билади.

“Масжидларда имомлик вазифасини бажараётган шахслар орасида ислом динидан яхши хабардор бўлмаганлар ҳам учрайди. Шу сабабли бўлса керак, сўнгги пайтларда ислом дини амалларини бузиб кўрсатиш ҳоллари тез-тез кузатиладиган бўлиб қолди”, - деди у.

Унинг айтишича, Тожикистон дин уламолари кенгаши ҳамда Душанбе шаҳри маъмурияти томонидан тайинланган комиссия аъзолари имомларнинг диний билим савиясини синаш билан бир қаторда уларга ҳуқуқий ва давлат сиёсатига оид саволлар ҳам берган.

Бироқ имтиҳон комиссиясида кузатувчилик қилаётган Имом Бухорий масжиди имом хатиби Муҳаммад Довуд бу гапларни рад этиб, имом хатибларни имтиҳон қилишдан мақсад фақат уларнинг диний билим савиясини синашдан иборат эканини таъкидлади.

“Мақсадимиз – масжидларга мусулмонлар кундалик ҳаётида учрайдиган муаммоли саволларга жавоб бериш қобилиятига эга бўлган кишиларгина имомлик қилсин. Баъзан намоз ўқиш тартибини яхши билмаган кишилар ҳам намозхонларга имомлик қилаётгани ташвишлидир. Имтиҳонда давлат сиёсати ёки ҳуқуқий саволлар берилишига келсак, бу бироз ҳақиқатдан йироқроқ. Негаки, дин ва сиёсат бир-биридан айри”, - деди Муҳаммад Довуд.

Тожикистон дин уламолари кенгаши аъзоси сўзларига кўра, имомларнинг билим савиясини синаш ва масжидларни саводсиз имомлардан тозалаш тадбири Душанбе шаҳри ҳокими, мамлакат Миллий мажлиси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев таклифига биноан ўтказилмоқда.

Мустақил кузатувчилар бу тадбир мусулмонларга бўлаётган босим кучаяётганига бир далил бўлиб, у диний уламолар ҳуқуқини поймол этиш эканини айтмоқда.

“Шўро замонларида чойхона ва клубларда ҳам мусулмонлар намозларини ўқиган. Бироқ мустақилликка эришган мамлакатимизда фуқароларнинг масжидга бориши тақиқланиб, масжидлар асоссиз бузиб ташланмоқда”, - дейди мустақил кузатувчи Саидбурхон Олимов.

25 августга қадар Душанбедаги барча масжидлар имом хатиблари имтиҳон топшириб, 26 август куни синов натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG