Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:46

Жаҳон матбуоти Бишкек саммитига катта қизиқиш билдиряпти


Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистон пойтахти Бишкекда 16 август куни бўлиб ўтадиган саммитини ёритиш учун дунёнинг турли давлатларидан 1400 журналист келиши кутиляпти.

ШҲТ саммитини ёритиш учун 560 та оммавий ахборот воситаси расман қизиқиш билдирган.

“Бу тадбир режалаштирилаётганда 1200 журналист келиши кутилган эди. Бироқ бизнинг журналистларга мойиллигимиз туфайли бўлса керак, бу рақам 1400-1500 нафарга етиб қолди”, - деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эднан Қорабоев.

Вазирнинг айтишича, саммит ишини ёритиш учун рўйхатдан ўтган журналистларнинг асосий қисми Қирғизистон, Россия ва Хитойдандир. Ўзбекистоннинг 10 та ахборот воситаси саммит ишини ёритади. Уларнинг барчаси давлатга қарашли. Шунингдек, АҚШнинг 15 та, Германиянинг 13 та, Франциянинг 10 та, Буюк Британиянинг 21 та, Япония ва Туркиянинг 19 та ахборот воситаси ҳам саммитни ёритади.

Хўш, ШҲТ саммитига қизиқиш бу қадар кучайганини қандай изоҳлаш мумкин?

“ШҲТ аксилғарб ташкилотига айланиши эҳтимоли мавжуд. Бу эса унинг сафига Эрон каби АҚШ билан муносабати совуқлашган давлатларни жалб этмоқда. Бишкек саммити арафасида ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳарбий масалаларга кўпроқ эътибор қарата бошлагани ҳам дунё ҳамжамияти диққатини ўзига жалб этмоқда. Бишкек саммитида мана шундай бурилишлар юзага келиши мумкин”, - дейди сиёсатшунос Зайниддин Қурманов.

Сиёсатшунос Александр Князев эса ШҲТ “ўлиб бораётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига муқобил уюшма бўла олиш салоҳиятини намойиш қилгани”ни таъкидлади. Бу ҳолат ҳам жаҳон матбуоти диққатини ўзига жалб қилмоқда.

Жаҳон демократик оммавий ахборот воситаларида ШҲТ саммити диктаторлар йиғини сифатида ҳам талқин этилаётир. Шу сабабли Бишкек саммитини ёритувчи журналистлар бу ташкилотга кўпроқ танқидий жиҳатдан ёндашуви кутилади. Бироқ Қирғизистон ҳукумати саммит ишини ёритишда ҳеч бир журналистга чеклов бўлмаслигини эълон қилди.

“Саммит ишини ёритишда ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди, фақат айрим тадбирларни ёритишда журналистларга сон жиҳатдан чекловлар қўйилиши мумкин. Бу Қирғизистонда кўп сонли журналистларни сиғдира оладиган матбуот маркази йўқлиги билан боғлиқдир”, - деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири.
XS
SM
MD
LG