Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:47

Аждодлар таҳоратига ўқилаётган “намоз”...ми?


2007 йилда Ислом дунёси маданий пойтахтларидан бири, деб эълон қилинган Тошкентда Ислом анжумани ташкилотининг ҳар уч йилда бир бўладиган анъанавий йиғини ўтказилмоқда.

Ислом анжумани ташкилотининг йиғинга келган бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғлини Оқсаройда қабул қилган президент Ислом Каримов Тошкентга бундай мақом берилишини Ўзбекистоннинг ислом тараққиётига қўшган нафақат тарихий, балки бугунги улкан ҳиссасининг халқаро миқёсда тан олинишига йўйди.

“(Тошкентнинг Ислом дунёси маданий пойтахти, деб эълон қилинганини) Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига, мусулмон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини тан олиш билан бирга бугунги кунда Ўзбекистон ислом қадриятларини, урф-одатларини, ақидаларини янада мустаҳкамлаш, бутун дунёга ёйишда қилаётган хизматларининг ҳар томонлама юксак баҳоси, деб биламиз”, - дея баёнот берди И.Каримов.

Аммо Ўзбекистон айрим халқаро ташкилотларнинг 2005, 2006, 2007 йиллардаги ҳисоботларида диний эркинликлар вазияти ўта оғир ва хавотирли давлат сифатида эътироф этилган. Ушбу ташкилотлар Ўзбекистонда диний эркинликлар чеклангани, жумладан, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш бўйича, диний таълим бўйича, диний эътиқодини ифодаловчи кийимларни кийиш бўйича чекловлар ўрнатилгани ҳақида айтади.

“Форум 18” ташкилоти вакили Феликс Корли бу вазиятдан яхши хабардор ғарблик мутахассис сифатида Тошкентнинг ислом дини тараққиётига қўшган тарихий ҳиссаси улкан эканига дахл қилмайди.

“Аммо Тошкентнинг ислом цивилизацияси ривожига узоқ тарихда қўшган ҳиссаси учун берилган муносиб баҳони Каримов ҳукуматининг ўзига берилган баҳо сифатида талқин қилишга уриниши мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳол. Марказий Осиё мамлакатлари орасида, айниқса, Ўзбекистон диний эркинликларни мунтазам топтаб келаётган давлат. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар эса талай”, - дейди Ф.Корли.

У Ўзбекистон қамоқхоналарига ташланган, айрим мустақил манбаларда 10 минг, яна бошқаларида 15 минг экани айтиладиган маҳбуслар тўғрисидаги рақамларни эслатиб ўтди. Аммо Ўзбекистон раҳбарияти бу маълумотларга кескин эътироз билдириш билан бирга аслида мавжуд вазият бўйича статистик рақамларни ҳам ошкор этмайди.

Ҳозир Тошкентда ўтаётган анжумандан эса Ўзбекистон раҳбарияти халқаро ташкилотларнинг шу хулосаларига қарши дастак сифатида фойдаланишни мақсад қилган, шу боис ҳам мамлакат оммавий ахборот воситалари бу анжуманни президент Каримов талқинида ёритишга зўр бериб уринмоқда, дейди ўзбекистонлик кузатувчилардан бири Хайрулла Абдурашидов.

“Тўғри, шу анжуман баҳона йиллар давомида қаровсиз қолган Ҳазрати Имом мажмуи, яна анча-мунча тарихий обидалар таъмирланиб қолди. Бу ҳам аслида ислом йўлида хизмат. Тўғри, масжидлар намозхонлар билан тўлган. Аммо бу масжидлар ҳозир фақат кекса ёшлилар учун хизмат қиляпти. Ўзбекистон ҳукумати жуда устамон йўл тутган. Фақат кексаларга дин учун йўл бемалол. Ёшлар ва аёллар эса мунтазам сиқувда, назоратда ва қўрқувда. Ҳозир, айниқса, мактаб ва маҳаллаларда ёшларни масжиддан қайтариш, аёлларнинг рўмолларини ечтириш ҳоллари кучайган. Менимча, бу ҳукуматнинг исломга хизмати аслида исломга қарши хизмати олдида урвоқ ҳам эмас”, - деди кузатувчи.
XS
SM
MD
LG