Линклар

Рус фашизми байроғи остидаги кундалар

  • Абдулла Искандар

Россиянинг Интернетдаги “Яндекс” оммабоп нашрида рус миллатчиларининг гўëки икки ғайрирусни қатл қилгани акс эттирилган видеолавҳа уч кун давомида намойиш этилди.

Гитлер свастикаси остида тиз чўктирилган ва оғзи елимланган икки йигитнинг қатлини, видеотасвирдаги ёзувга кўра, Россия миллатчи социалистлар партияси фаоллари амалга оширган. Агар бу ёзувга ишонилса, ўлдирилганлардан бири тожикистонлик, иккинчиси доғистонликдир. Қотиллар юзига ниқоб тортган, қурбонларнинг юзи эса очиқ. Тасвирда йигитлардан бири орқа миясидан отиб ўлдирилади, иккинчиси томоғидан бўғизланиб, боши танасидан жудо этилади.

Москвадаги “Панорама” сиëсий тадқиқотлар институти вакили Владимир Прибиловский бундай тасвирлар илгари ҳам намойиш этилганини айтади.

“Бундан олдинги тасвирларда ëлғондакам воқеалар артистлар ижросида акс эттирилган. Бу лавҳа ҳақида бундай дейиш қийин”, - дейди В.Прибиловский.

Айни пайтда Россия прокуртураси видеолавҳанинг ҳақиқийлигини текширмоқда. Россиядаги “Комсомолская правда” нашрининг ёзишича, тасвир юқори сифатли рақамли технологияга асосланган техника ёрдамида олинган.

Марказий Осиëдан келган муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Россияда чет элликларга нафрат тез урчиётганини таъкидлайди.

“Ҳар куни бизга айни ҳодисага ўхшаш воқеаларни айтиб беришади. Бу энди оммавий кўлам касб қилмоқда. Бундай ҳолатга Россия ички ишлар ва суд идоралари панжа орасидан қараëтганига гувоҳмиз. Ҳар бир шундай ҳолат юзасидан тергов ўтказилиши ва айбдорлар судга тортилиши учун қатламадай минг букилишга тўғри келади”, - дейди С.Ганнушкина.

Россиядаги тожиклар уюшма раиси Каромат Шарипов Тожикистон ҳукуматининг сукутли ризолиги боис, Россияда юзлаб кишилар миллатчилик қурбони бўлаëтганини айтади.

“Олти ой ичида тожикистонлик 68 фуқаронинг жасади ватанига жўнатилди. Улардан 36 нафарини рус миллатчилари ўлдирган. Тожикистонликларнинг Россияда ўлдирилиши Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Москвадаги элчихонасининг жимлиги баробарида юз бермоқда”, - дейди К.Шарипов.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси бири доғистонлик ва яна бири тожикистонлик экани айтилаëтган икки фуқаронинг нашойишкорона қатл қилиниши акс эттирган видеолавҳанинг Россия Интернет нашрларида пайдо бўлиши юзасидан норозилик билдирди.

Элчихона матбуот котиби Муҳаммад Эгамзоданинг айтишича, бу ваҳшатли ҳодиса тасдиғини топса, икки давлат муносабатларига совуқлик тушади.

Бундан тўрт ой олдин бир арманини ўлдирганлик айби билан ҳибсда сақланаётган рус тақирбоши тергов давомида миллий нафрат асосида 37 кишини ўлдирганини тан олар экан, улар орасида ўзбеклар ҳам борлигини фахр билан айтган эди.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистондан ташқарида 800 минг киши, норасмий маълумотларга кўра эса 2,5 миллиондан 3 миллионгача одам мардикорлик билан шуғулланмоқда. Ўзбек мардикорларининг боши фашизм тимсоли акс этган байроқ остидаги кундага қўйилмаслигига кафолат кўринмаяпти.
XS
SM
MD
LG