Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:49

Ху Цзинтао Бишкекда


Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 16 августда Бишкекда бўлиб ўтадиган саммитидан икки кун олдин Хитой Халқ Республикаси раҳбари Ху Цзинтао Қирғизистонга давлат ташрифини бошлади.

Хитой раҳбарининг Бишкек сафари нафақат қирғиз, балки Россия матбуотининг ҳам диққатини ўзига жалб этди.

“Қирғизистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги стратегиясида асосий ўринни эгалловчи модел давлатдир. Хитой бу мамлакат иқтисодига Қозоғистонга нисбатан кўпроқ сармоя ётқизди, ҳолбуки Қозоғистон иқтисодидаги сармояларнинг асосий қисми ҳам Россияга эмас, Хитойга тегишлидир”, - деб ёзди Москвада нашр этиладиган “Независимая газета”.

Бишкекка келган Ху Цзинтао ҳам ўз мамлакати Қирғизистонни мукаммал ҳамкорлардан бири ҳисоблашини билдирди.

У Бишкек аэропортида интервью берар экан: “Ушбу ташриф Хитой-Қирғизистон алоқаларига янги туртки беради, деб ишонаман. Бугунги кунда Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги барча чегара муаммолари бартараф этилган. Мамлакатларимиз суверенитет ва ҳудудий яхлитлик каби принципиал масалаларда доимо бир–бирини қўллаб келмоқда, бу эса умумий манфаатларимизни ҳимоя қила олишимизга омил бўляпти”, - деди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эднан Қорабоевнинг билдиришича, Хитой раҳбарининг Бишкек ташрифи доирасида наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашда ҳамкорлик, Қирғизистон жанубида цемент-шифер заводи қуриш, банк тизимида ҳамкорлик каби масалаларда ҳужжатлар имзоланади.

Таҳлилчилар Хитой Қирғизистонни ўз сиёсий таъсир доирасига киритиш йўлида жуда фаол ҳаракат қилаётганига эътибор қаратмоқда.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи Андрей Грозин рус матбуотига берган интервьюсида: “Хитойнинг Қирғизистондаги иқтисодий таъсирини сиёсий таъсирга айлантира олиш имконияти бор. Чунки Қирғизистондаги Хитой бозори кунига бир неча ўн миллион доллардан юз миллион долларгача миқдорда товар айланмасига эга”, - деди.

Москвалик эксперт фикрича, бундай вазиятда Кремль пулга муҳтож бўлиб турган Бишкек ҳукуматига 200-300 миллион доллар “эҳсон” қилиши лозим.

Бироқ қирғизистонлик сиёсатшунос Бақит Бешимов айни пайтда расмий Бишкек учун муайян бир давлат сиёсий-иқтисодий таъсири остида бўлиш манфаатли эмаслигини айтади.

“Қирғизистон ҳудудий ташкилотларга аъзо бўлар экан, ўз хавфсизлиги кафолатланишини кўзлайди. Иккинчидан, иқтисодий масала бор. Бу ҳам, албатта, Қирғизистон фойдасига ҳал бўлиши лозим. Шунинг учун Қирғизистон йирик давлатлар таъсири остида бўлмай, бир вақтнинг ўзида Хитой, Россия ва АҚШ билан сиёсий мувозанатни сақлашга мажбурдир”, -дейди Бақит Бешимов.
XS
SM
MD
LG