Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:19

Одил раҳбардан халқи қочмайди


Олмаоталик 80 ёшли Серғози ота аввалги қозоқ хўжайинидан иш ҳаққини ололмай юрган бир неча ўзбек мардикорини ўз уйига олиб келиб, уларни иш билан таъминлади, меҳнатига яраша ҳақ ҳам тўламоқда.

Ўзбек йигитлар “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида самарқандлик экани, ўзларини Қозоғистонга олиб келган воситачи ва қозоқ хўжайини томонидан алданиб қолганини билдирди.

“Воситачи бизга Қозоғистонда ярим йил давомида рўзғоримизни боқишга етадиган пул ваъда қилган эди, - дея ҳикоя қилади Музаффар исмли мардикор. - Биз ўйланиб ўтирмай рози бўлдик ва оқибатда алданиб қолдик. Қурилишга ишлашимизни айтишган эди. Қозоғистонга келиб тамаки экдик, дала тозаладик, лекин ҳақ беришмади. Биз бу ерга 50 киши келганмиз, шулардан 10 киши қолдик, қолган 40 таси қайтиб кетди”.

Музаффарнинг айтишича, мардикорларни Қозоғистонга олиб келган воситачи (мардикорлар тили билан айтганда “бригадир”) қурилишда ишлаб, ойига 300 доллардан маош берилишини билдирган. Бироқ олиб келинган ўзбекларнинг барчаси далага олиб чиқилиб, 3 ой текинга ишлатилган.

Самарқандда катта оиласини ташлаб, тирикчилик мақсадида Қозоғистонга келган Музаффар 3 ой текин ишлатилиб, алданганидан хўрлиги келади.

“Ўзимизда иш бор, лекин пули кам. Ишлайдиган кўп, иш топиш қийин. Оила боқиш қийин. Ўзимизда иш бўлса, шароит яхши бўлса, ўзимизникилар бошқа жойга келмайди-ку”, - дейди Музаффар.

Уч ой давомида текинга ишлаган самарқандлик мардикорлар кейинги тўрт ой давомида меҳнат қилиб 500 доллардан пул тўплашга муваффақ бўлган. Улар энди бу пулга бир неча ой давомида рўзғор тебратишини билдирди.

Музаффар билан бирга Қозоғистонга келган Жамол Ўзбекистонда шифохонада фельдшер бўлиб ишлаган.

“Қозоғистонга келиб топган 500 долларга 3-4 ой рўзғор тебратишим мумкин. Ўзбекистонда оладиган 15 минг сўм маошимга эса оиламни бир ой ҳам боқа олмасдим”, - дейди Жамол.

Ўзбек муҳожирларига иш бериб, уларга одамдек муомала қилган Серғози ота эса ўзбекистонликларнинг бегона юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрганида давлат раҳбарини айблайди.

“Одил раҳбардан халқи ҳам кетмайди”, - дейди Серғози ота.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили ёз масумида Қозоғистонга тирикчилик мақсадида келаётган муҳожирлар сони икки баробар кўпаяди. Легал ва нолегал равишда келаётган муҳожирларнинг 70 фоиздан ортиғини ўзбекистонликлар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG