Линклар

“Орима” хўжайини ҳибсга олинди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари “M&P” Тожикистон-Нидерландия қўшма компанияси раҳбари Маъруф Ориповни пора бериш айби билан ҳибсга олди.

Аммо қўмита ходимлари айни пайтда вақтинчалик сақлаш изоляторида ўтирган М.Ориповнинг ҳибсга олиниши юзасидан ҳозирча муносабат билдирмаётир.

М.Ориповнинг ўғли, қўшма корхона раҳбари ўринбосари Алишер Орипов отаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларидан бирига катта миқдорда пора таклиф қилишда айбланаётгани, бироқ бу айблов асоссиз эканини таъкидлади.

М.Орипов “Орима” тижорат тармоғини ташкил этган бўлиб, бу тармоқда тахминан 650 киши меҳнат қилади. Таъкидлаш керакки, ўзига тўқ душанбеликлар хизмат кўрсатиш даражаси юқори бўлган “Орима” дўконларидан маҳсулот харид қилишни хуш кўради.

М.Ориповга эълон қилинган айбловда унга тегишли дўконлардан истеъмол муддати ўтиб кетган 46 000 сомоний, тахминан 13 300 АҚШ долларилик озиқ-овқат маҳсулотлари савдодан олиб қўйилгани ҳам айтилади.

Мустақил кузатувчилар Тожикистонда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги каби алоҳида доиралар ўзлари учун бегона ҳисобланган ёки “оила аъзоси бўлмаган” шахсларнинг бойиб кетишидан манфаатдор эмаслигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG