Линклар

logo-print

Роҳат Алиев мухолифатни нишонга олди


Қозоғистон президентининг собиқ куёви, мамлакатнинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиевнинг “Зона.кз” сайтида эълон қилинган навбатдаги баёноти қозоқ мухолифати ҳаракатларига жавоб ўлароқ кўриляпти.

Қозоқ мухолифати Австрия судининг Р.Алиевни юртига экстрадиция қилмаслик қарорига муносиб жавоб қайтармагани учун мамлакат ҳукуматини танқид қилган эди. Социал демократик партия етакчиларидан бири Тўлаган Жукеев мухолифат қандай бўлмасин Р.Алиев Қозоғистонга қайтарилиши ва содир этган жиноятлари учун суд олдига жавоб беришига эришишини ваъда қилганди.

Қозоғистондаги жараёнларни диққат билан кузатиб тургани сезилаётган Р.Алиев мухолифатнинг бу баёнотига ўзига хос жавоб қайтарди. У мухолифатни ҳукумат билан тил бириктиришда айблади.

“Социал демократик партия президент маъмурияти тузган лойиҳадир. Бу лойиҳа сиёсий майдонда назоратсиз ва мустақил куч пайдо бўлиши олдини олиш учун ишлаб чиқилган”, - дейилади Р.Алиев баёнотида.

Социал демократик партия етакчиларидан бири Айдос Саримов Р.Алиевнинг баёноти ҳақиқий эканига шубҳа борлигини, баёнот ҳақиқий бўлган тақдирда ҳам партия унга муносабат билдиришни лозим топмаслигини таъкидлади.

“Бу уйдирма, уйдирмага муносабат билдиришда эса мантиқ йўқ”, - деди А.Саримов.

Ҳозир Қозоғистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловида президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигидаги “Нур Отан” партияси ғалаба қилишига кўпчилик шубҳа билдираётгани йўқ. Мухолифатдаги Социал демократик партияга эса иккинчи ўрин ваъда қилингани ҳақида гап-сўзлар ҳам йўқ эмас.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаевнинг айтишича, Р.Алиевнинг сўнгги баёноти ўзини жамоатчилик олдида яна бир карра оқлаш баробарида ҳукумат, жумладан, Н.Назарбоевга қарши тўплаган компроматларини ошкор этиш вақти келгани маълум қилинаётганидан ҳам дарак беради.

“Ҳукуматнинг мухолифат, яъни Социал демократик партия билан парламент сайловида овозларни ўзаро тақсимлаш бўйича битим тузгани ҳақидаги гапларда жон бўлиши мумкин. Р.Алиев ихтиёрида расмий Остонага қарши қаратилган бир қанча компроматлар бор. Унинг мухолифат баёнотига йўллаган жавоби эса амалдорларнинг сирларини ошкор этмаслик эвазига расмий Остонадан бирор таклиф кутаётганини билдириб қўяётганини кўрсатади”, - деди сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG