Линклар

Машрабга айблов ҳукми чиқарилди

  • Сарвар Усмон

Бухоро вилоятнинг Олот тумани жиноят ишлари суди таниқли шоир ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Юсуф Жуманинг ўғли Машраб Жумаевни жаримага тортиб, сўнг суд залидан озодликка чиқарди.

Машраб Жумаев қўй ўғирлаганликда айбланиб 25 июль куни қўлга олинган эди.

Ю.Жуманинг айтишича, Машраб устидан ўтказилган судловда, юмшоқроқ айтганда, ғалатиликлар кўп бўлган. Масалан, даъвогарлар Машрабга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини бир неча бор таъкидлаб айтган. Шунга қарамай, Машраб устидан айблов ҳукми чиқарилиб, унга жарима солинган.

Шоир ўғли Машраб қўлга олинган кундан бошлаб озодликка чиққунича, 21 кун давомида муттасил калтакланганини билдирди. Лекин судья судланувчи ва ҳимоячиларнинг бу ҳақдаги шикоятларига эътибор бермаган.

Калтакланиш ва даъвогарларнинг ҳеч қандай даъвоси бўлмаганига қарамай, Машраб устидан айблов ҳукми чиқариб, унга жарима солиниши сабабини шоир Юсуф Жумага судья очиқ тушунтирган. Яъни бошқа иложи бўлмаганини айтган.

Шоир сўзларига кўра, ўғлини қўлга олишга санкция берган прокурор ҳам, ҳибсхонада уни калтаклаган милиция ходимлари ҳам, уни айбдор, деб ҳукм чиқарган судья ҳам Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари буйруғини бажарган.

15 август куни Юсуф Жума ўғли Машрабни тиббий кўрикдан ўтказиб, калтаклаш излари - жароҳатларни ҳужжатлаштириб қўймоқчи бўлди. Бироқ маҳаллий врачлар Машрабни кўрикдан ўтказишдан бош тортди.

Жумаевлар оиласи кейинги 14 кун давомида Машрабни озодликка чиқариш талаби билан пикет ўтказди. Сўнгги кунларда оилани қўллаб-қувватлаш учун тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам келиб қўшилди. Лекин маҳаллий маъмурлар тазйиқ ўтказиб, уларни Қоракўлдан қайтиб кетишга мажбур қилди.
XS
SM
MD
LG