Линклар

Ҳукуматча бизнес деҳқонларни синдирмоқда

  • Садриддин Ашур

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 279 фермер ғалла режасини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмоқда. Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов бундан ташвиш билдириб, Ўзбекистон президентига очиқ хат йўллади.

Ёзёвонлик фермерлар режа бажарилмаганининг объектив сабаблари борлигини айтаётган бўлса-да, маҳаллий ҳокимият буни тан олгиси келмаяпти.

Фарғоналик деҳқон, “Маҳмуд ота” фермер хўжалиги раиси Ғофиржон Маҳмудовнинг билдиришича, давлат деҳқондан буғдойни 110 сўмдан сотиб оляпти, лекин унинг кепагини қайтариб деҳқонга 175 сўмдан сотмоқда.

Аслида ёзёвонлик фермерларни ташвишга солаётгани бу эмас. Уларни маъмурий жавобгарликка тортилиб, катта миқдорда жарима юклангани ташвишлантиряпти.

“Дон маҳсулотларини қабул қилиш корхоналари вакиллари милиция ва прокуратура ходимлари билан келиб, фермерга бўш шартнома бланкаларига мажбуран қўл қўйдириб олади. Кейин ўзлари бўш шартномаларни тўлдириб, охирида фермерларни муттаҳам қилиб қўймоқда. Бу ҳаммаси ўйин”, - дейди Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов.

Гап ана шу шартномада. М.Зоҳидовнинг айтишича, шартномада гектар центнерини белгилаш деҳқонга боғлиқ эмас. У қанча ҳосил топшириши кераклигини ғалла ўрилаётганда билади.

Фермер Ғофиржон Маҳмудов режа бажарилмагани учун деҳқон айбдор эмаслигини айтади.

“Чунки, аввало, давлат режасини бажариш учун ер баритети тўғри келмайди. Аслида 9-10 баллик ерларга юқоридагилар 30-40 балл қўйиб, ўзларича шартнома тузган. Фермерлар ҳукуматнинг тазйиғи остида оддий бланкага қўл қўйиб, муҳр босиб берган. Фермер хўжаликлари ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуққа эга эмас”, - дейди фермер.

Ғ.Маҳмудовнинг таъкидлашича, фермер судга мурожаат қилгани билан бефойда. Чунки хўжалик судлари мустақил эмас. Улар ҳам ҳокимнинг айтганини қилади.

“Мен ўзим хўжалик судига мурожаат қилиб, тавбамга таянганман”, - деди фермер.

Унинг сўзларига кўра, чўл зонасида етиштириладиган буғдой ҳеч қачон бўз ердагидек ҳосил бермайди. Лекин бу ҳолатлар шартномада кўрсатилмайди. Боз устига, ҳукумат сотиб оладиган буғдой нархи бозордагидан уч баробар арзон.

“27 фермер Вазирлар Маҳкамасига бу адолатсизликлар ҳақида шикоят ёздик. Ҳукуматдан махсус комиссия юбориш ва бу масалани адолатли ҳал этиб беришни талаб қиламиз”, - деди Ғ.Маҳмудов.
XS
SM
MD
LG