Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:58

Тожикистонда ягона мактаб формаси тартиби кучга кирди


Тожикистонда олий ва ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор расман кучга кирди. Энди ўқувчилар билим масканига бир хил, яъни қора ва оқ рангли мактаб формасида келиши шарт.

Жорий ўқув йилидан бошлаб талаба ва ўқувчиларнинг тилла тақинчоқ, қимматбаҳо либос, мобил телефон ва шахсий машина билан бир қаторда ҳижобда, миллий кийим ҳамда калта юбкада ёхуд нақшли шимларда таълим муассасаларига келиши қатъиян маън этилади.

Мактаб формаси барча - вазирнинг ҳам, деҳқоннинг ҳам фарзанди учун мажбурий экани таъкидланмоқда.

Мамлакат Таълим вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Нойилшо Нуралиев сўзларига кўра, янги мактаб формасига оид қарор лойиҳаси икки ой давомида барча таълим муассасаларида ўқитувчилар, ота-оналар иштирокида муҳокама қилинган. Қарорнинг асосий мақсади таълим соҳасида ягона тартиб жорий этиш ва ўқувчилар билим савиясини оширишдан иборат.

Янги ўқув йили арафасида Тожикистон пойтахтида очилган мактаб ярмаркаларида мактаб формаси ва ўқув қуроллари сотадиган савдогарларнинг бозори янада чаққонлашган.

Аксарият ота-оналар ягона мактаб формаси жорий этилишини маъқулламоқда. Собиқ педагог, ҳозир хусусий тижоратчи Карима Саидова ягона мактаб формаси жорий этилиши таълим сифатини яхшилабгина қолмай, балки кам таъминланган оилаларга бироз бўлса-да, енгиллик яратади, деган фикрда.

Унинг айтишича, бу тартиб ўқитувчилар обрўсини бирмунча тиклашига ёрдам беради.

Бироқ тақводор оилалар ўз фарзандаларининг мактабга ёки университетга ҳижобда бориши тақиқлангани уларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол қилишини таъкидламоқда.

Жорий йилнинг 31 мартида таълим вазири таълим тизимини тартибга солиш тўғрисида ўнта моддадан иборат буйруқни имзолангандан сўнг Душанбедаги кўпгина мактаблар қўшни Қирғизистондаги хусусий корхоналарга мактаб формаси тикишга буюртма берган эди.

Июль ойи бошларида бу мактаблар директорлари ота-оналар ва ўқувчиларни мактабга чақириб, буюртма асосида тикилган шу формаларни сотиб олиш шартлигини айтган. Айрим ота-оналар айрим мактаблар вазирликнинг янги қароридан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланаётганини билдирмоқда. Масалан, битта мактаб формаси 75 сомоний ёки тахминан 22 доллардан сотилмоқда. Форма қиммат бўлишидан ташқари сифат жиҳатдан ҳам талабга жавоб бермайди.

Баъзи мактаблар маъмурияти ўзлари таклиф этган мактаб формасини сотиб олишдан бош тортаётган ўқувчилар билим юртига қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантирмоқда.

Анъанавий байрамларда тожикистонлик қизларнинг таълим масканига миллий кийимда келишига рухсат этилган.
XS
SM
MD
LG