Линклар

Бир ракета изидан...


Аваз Алиев Россия махсус делегацияси расмий Тбилисининг Россия ҳудудидан ўтган самолётлар Грузия қишлоғига ракета отгани тўғрисидаги иддаоларини ўрганиш учун мазкур мамлакатга сафар қилмоқда.

Даставвал Россия делегацияси Грузия Мудофаа вазирлиги расмийлари билан учрашиб, мазкур воқеа юзасидан халқаро кузатувчилар тақдим этган хулоса натижалари билан танишди. Бу хулоса Литва, Латвия, Швеция ва АҚШ ҳарбий экспертлари томонидан тайёрланган.

Россиянинг Тбилисидаги элчиси Валерий Кеняйкин ҳозирча расмий Москва воқеа юзасидан ишончли далиллар олмаганини билдирди. Шунингдек, у Россия делегацияси Грузия расмийларига халқаро кузатувчилар хулосасини рад этувчи далилларни тақдим этганини маълум қилди.

“Грузия расмийларига тақдим этилган ҳужжатда Грузия ҳудуди Россия томонидан бузилмаганини исботловчи далиллар келтирилган. Бу билан Россия иддаоларининг исботланишига умид қиламан”, - деди В.Кеняйкин.

Руч делегацияси вакиллари Россия ҳарбий самолётидан отилгани айтилаётган ракета тушган жойни ҳам кўздан кечирди. Шунингдек, улар Грузия-Жанубий Осетия чегарасидаги тинчликпарвар кучлар қўмондони Марат Қулаҳмедов билан учрашди.

Ўтган ҳафтада Россия тинчликпарвар кучлари Грузия томони ракетанинг муҳим қисмларини парчалаб ташлагани сабабли ракета русумини аниқлашнинг имкони бўлмаганини эълон қилган эди.

Ракета жойини кўздан кечирган россияликлар Грузия Ички ишлар вазирлигида ҳам музокарлар ўтказди. Шу ернинг ўзида уларга самолётдан отилган ракета қолдиқлари ҳам намойиш этилгани хабар қилинмоқда.

Тбилисидаги музокараларда иштирок этаётган Россия ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал Игор Хворов ўрганилаётган мавзу юзасидан хулоса қилишга эрта эканини таъкидлади.

“Шунинг учун биз ҳам хулоса чиқармадик. Бироқ таъкидламоқчиманки, бу масала юзасидан саволлар жудаям кўп. Саволлар сиёсий баёнотларни эмас, аниқ далилларни талаб қилмоқда”, - деди генерал.
XS
SM
MD
LG