Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:33

Гуантанамодан Тожикистон қамоқхоналарига


Тожикистон Олий суди АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонаси собиқ тутқунлари Муқид Воҳидов ва Руҳиддин Шароповни 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Улар жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.

АҚШ томонидан Тожикистонга топширилган бу фуқароларга давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, миллий ва диний адоват қўзғаш мақсадида жиноятлар қилиш каби айблар қўйилди.

Судга раислик қилган Мусомир Ўроқов сўзларига кўра, судда берилган кўрсатмалардан М.Воҳидов ва Р.Шаропов Ўзбекистон исломий ҳаракатига ёллангани аниқланган. Ёлловчилар уларга ҳар ойда 300 доллар маош эвазига Тожикистон давлати ва ислом дини учун жанг қилишини билдирган.

Маълум бўлишича, М.Воҳидов ва Р.Шаропов 2001 йилда ЎИҲ етакчиларидан бири Жума Намангоний гуруҳи билан Афғонистонга ўтиб кетган. У ердаги жангларда генерал Абдурашид Дўстим аскарлари томонидан қўлга олиниб, Америка ҳарбийларига топширилган. Ўша даврдан жорий йил 1 мартга қадар Гуантанамо қамоқхонасида сақланган.

Бироқ суд М.Воҳидов ва Р.Шароповнинг Гуантанамо қамоқхонасида бўлган етти йиллик даврини янги жазо муддати белгилаётганда ҳисобга олмади.

Судланганларнинг ота-оналари Тожикистон Олий суди чиқарган ҳукмдан норозилик билдирди.

“Булар ёшликда хато қилиб, энг ёмон турмаларда энг оғир жазоларни олди. Нега ҳукм чиқариш вақтида бу назарга олинмади? Судда улар бирор кишини ўлдиргани ҳам исботланмади”, - дейди Р.Шароповнинг онаси.

Судланувчилар адвокати Саиджон Одинаев суд ҳукми юзасидан муносабат билдиришни истамади.
XS
SM
MD
LG