Линклар

Роҳат Алиев “Нур Отан” сайловдан четлатилишини талаб қилди


Қозоғистонда 18 августда ўтадиган парламент сайлови олдидан Ижтимоий технологиялар маркази аҳолининг сиёсий партиялар мавқеига оид фикрлари ўрганилган сўров натижаларини эълон қилди.

Марказ ўтказган сўров натижалари аҳоли сайловда иштирок этадиган етти партиядан, асосан, учтасига овоз беришини кўрсатади.

Сўров натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 36 фоизи президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигидаги ҳукмрон “Нур Отан” партиясига овоз беришини билдирган, 26,3 фоиз респондент эса мухолифатдаги Социал демократик партия тарафдори эканини маълум қилган. 7,8 фоиз сайловчи мухолифатдаги “Оқ жўл” учун овоз беришини таъкидлаган.

Бу кўрсаткичлар сиёсий партиялар тақдирини аниқлашда муҳим рол ўйнайдиган маълумотлар. Аммо бу маълумот расмий экани ҳамда баъзан расмий маълумотлар натижаларига юқоридан таъсир этилишини ҳисобга олиб, “Озодлик” мухбири олмаоталиклар ўртасида кичик сўров ўтказди.

Катта ёшдаги суҳбатдошларнинг асосий қисми “Нур Отан” партияси учун овоз бермоқчи экани маълум бўлди. Бунинг сабабини улар Қозоғистон келажаги равнақини “Нур Отан” партияси ва унинг раҳбари Нурсултон Назарбоев билан боғлаши билан изоҳлади.

Шунингдек, сўровда аҳоли ўртасида мухолифат тарафдорлари ҳам етарлича экани маълум бўлди. Ёшлар орасида эса сайлов адолатли ўтишига ишонувчилар жуда кам бўлди.

Кўпгина маҳаллий кузатувчилар бу сафарги парламент сайлови олдидан сиёсий интригалар сезилмаганини айтаётган бўлса-да, сиёсатшунос Эркин Тўкумов бошқача фикрда.

“Бу йилги парламент сайловидаги интрига унда ким ғолиб чиқишида эмас, балки ҳукумат мухолифатнинг икки етакчи партиясидан қай бирига оқ йўл очиб беришидадир. Ҳозир “Нур Отан”дан сўнг парламентда мухолифат партияларидан қай бери кўп ўринни эгаллаши сайловнинг асосий интригасидир. Гап шундаки, ҳозир Социал демократик партия “Нур Отан”дан кейинги ўринда турибди. Аммо бу партиянинг мамлакатдаги энг долзарб, оғриқли мавзуларни кўтариши ҳукуматни социал демократлардан чўчитди. “Оқ жўл” партиясининг халқ томонидан қувватланиши суст бўлса-да, у ўзининг ҳукуматпарастлиги билан юқоридагиларга кўпроқ хуш келмоқда”, - деди сиёсатшунос.

Сайлов арафасида Н.Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев Марказий сайлов комиссиясига йўллаган баёнот ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Баёнотда Р.Алиев ҳукмрон “Нур Отан” партиясини сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхатидан ўчириб ташлашни талаб қилган.

Р.Алиевнинг даъвосича, сайловолди кампанияси даврида “Нур Отан” декларациялаштирилмаган молия жамғармаси маблағларидан фойдаланган. Қозоғистон президенти маъмурияти бошқарувчиси Бўлат Ўтемуродов томонидан бошқариладиган бу жамғармага мамлакатнинг йирик бизнес тузилмалари юқорининг босими билан 5-10 миллион доллар маблағ ажратиб турган.

“Нур Отан”нинг сайловолди кампаниясида ноқонуний маблағлардан фойдалангани бутун сайлов жараёнини спектаклга айлантирмоқда. Шу сабабли бу партия зудлик билан сайловдан четлатилиши керак”, - дейилади Р.Алиевнинг баёнотида.

МСК раиси ўринбосари Лаззат Сулаймонова Р.Алиевнинг бу баёнотига сайлов комиссияси эътибор қаратмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG