Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:13

Видеолавҳа Тожикистон расмийларини даҳшатга солди


Тожикистон ҳукумати расмийлари ва сиёсий партиялари рус миллатчилари томонидан тожикистонлик ва доғистонлик экани айтилган йигитларнинг қатл этилиши тасвирланган видеолавҳага муносабат билдира бошлади.

Бу видеолавҳа Интернетда бундан бир неча кун илгари пайдо бўлган эди. Гарчи унинг ҳақиқийлиги ҳозирча аниқ бўлмаса-да, Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси бу борада расмий баёнот ҳам тарқатиб, Россия махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу ваҳшийликка ойдинлик киритилишини қатъий талаб қилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда расмий Душанбе Россия расмийларидан қатл этилганлар қайси миллатга мансублигини ва қотилларни аниқлаш учун зарур чоралар кўришни талаб қилишини билдирди.

Д.Назриев сўнгги вақтларда Россияда славян бўлмаган кишилар, хусусан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларини хўрлаш, таҳқирлаш ҳолатлари тез-тез кузатилаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларига нисбатан ғайриинсоний муносабатларга йўл қўйилмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўрмоқда.

Бири тожик ва бошқаси доғистонлик экани таъкидланган йигитларнинг бири бўғизланиши, иккинчи орқа миясидан отиб ўлдирилиши тасвирланган видеолавҳа Тожикистон сиёсий доираларида ҳам кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тожикистон Халқ демократик партияси раиси ўринбосари Давлатали Давлатов ўрта асрларга хос ваҳшийлик замонавий Россияда содир этилганидан афсусда эканини таъкидлади.

“Назаримда Россия ҳукуматининг бу борада жиддийроқ чоралар кўриш вақти етган. Россия расмийларнинг бу бепарволиги салбий оқибатлар келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқмас”, - деди Д.Давлатов.

Мустақил кузатувчилар ваҳшиёна қотиллик акс этган видеолавҳа Интернетда намойишга қўйилиши Россиянинг Тожикистон, қолаверса, бошқа мусулмон давлатлари билан муносабатларига путур етказиши табиийлигини таъкидламоқда. Шунингдек, улар Россия ҳукумати миллатчиликка қарши курашда ожизлик қилса, бу иллат Россия давлати келажагига таҳдид солиши аниқлигини билдираётир.

Шунга қарамай, кўпгина кузатувчилар Тожикистон расмийларининг бу ваҳшийликни содир этган жиноятчиларни жазолашга оид талаби Россия томонидан жиддий қабул қилинишига шубҳа билан қарамоқда.
XS
SM
MD
LG