Линклар

Қўқонлик ҳуқуқ ҳимоячисига тазйиқ кучайди

  • Барно Анвар

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири - Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида истиқомат қиладиган Насиба Ўруновага нисбатан тазйиқлар кучайди.

Мазкур гуруҳ хабарига кўра, Н.Ўрунова Қўқон шаҳри миллий хавфсизлик бўлими ва милицияси ходимлари кузатувига олинган ва уй қамоғига солинган.

“10 август куни унинг уйига Қўқон шаҳри миллий хавфсизлик бўлими ходими келган ва 3 сентябрга қадар ўз уйини тарк этмасликни талаб қилган. 12 август куни эса ўзини Қўқон шаҳар ҳокимлиги ходими сифатида таништирган шахс Н.Ўруновага хорижий оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишни тўхтатишни талаб қилган. Шундан бери Насиба Ўрунова билан боғланишнинг имкони бўлмаяпти”, - дейди ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Бундан илгари “Озодлик”ка берган интервьюсида Н.Ўрунова “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзоликда айбланиб 2001 йилда қамалган ўғли белгиланган 6 йиллик жазони тўлиқ ўтаб бўлган куни Тошкент вилоятидаги Зангиота қамоқхонасига борганида ўғлига ички тартибни бузганлик айби қўйилиб, яна суд қилинаётгани, суд эса айнан жазо муддати тугаган кунга белгилангани ҳақида сўзлаган эди.

“Ўғлим 6 йил бекордан бекорга ўтирди, чидадик. 13 кун ертўлада МХХ уриб, юзларини пачоқлаб ташлаганидан сўнг айбни бўйнига олган эди. Энди уни нега яна ушлаб туришибди?! Кеча оқшом қамоқхонада ётиб қолдим. Тунги соат 12 дан сўнг маҳбусларнинг додлаб йиғлаган овозлари келяпти. Сезиб турдим, менинг ўғлимни ҳам калтаклашди. Бу қандай бедодлик! Мен унга яна бир кун қўшиб беришса ҳам чидай олмайман, ўзимга ўт қўяман”, - деган эди Н.Ўрунова.

Ўшандан буён Н.Ўрунова билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмаётир.

С.Икромовнинг айтишича, ҳуқуқ ҳимоячиси қаттиқ назорат остида ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг телефонини ҳам узиб қўйган бўлиши мумкин.

“Н.Ўрунова бундан 4 ой муқаддам ташкилотимизга аъзо бўлиб кирган ва фаол ишлаб келаётган вакилларимиздан биридир. Уни ўз ўғлининг қонуний муддатда озод этилишини қатъий равишда талаб қилгани ва шунинг ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига эътироз билдириб, халқаро ташкилотлар, хорижий оммавий ахборот воситаларига чиқиш қилгани учун қаттиқ назоратга олишди”, - деб ҳисобламоқда Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG