Линклар

Қозоғистон парламенти бир партиявий бўлди


18 август куни бўлиб ўтган сайловдан сўнг Қозоғистон парламенти бир партиявийга айланди. Дастлабки натижаларга кўра, ҳукмрон “Нур Отан партияси сайловда 88,05 фоиз овоз тўплаган.

Президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигидаги бу партиядан кейинги ўринларни 4,62 фоиз овозни қўлга киритган мухолифатдаги Социал демократик партия (СДП) ва 3,27 фоиз сайловчининг қўллаб-қувватлашига эришган “Оқ жўл” партияси эгаллади.

Сайловда жами 7 та партия иштирок этди. Бироқ “Нур Отан”дан бошқа бирорта партия белгиланган 7 фоизлик тўсиқдан ўта олмади.

Сайлов олдидан кўпгина кузатувчилар янги парламентга мухолифат аъзолари ҳам киритилишини тахмин қилганди. 2009 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раисликка даъво қилаётган Қозоғистоннинг ўзи ҳам бундан манфаатдор эди. Аммо сайловнинг дастлабки натижалари бу тахминлар амалга ошмаганини кўрсатаётир.

Мухолифатдаги партиялар, жумладан, СДП сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирмоқда. ЕХҲТ кузатувчилари ҳам сайловда кўплаб қонунбузарликлар кузатилганини эълон қилди. Аммо сайловда иштирок этган 1129 та маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг аксарияти жараён оммавий қонунбузарликларсиз ўтганини таъкидлаётир.

“Ҳаммаси қонун доирасида бўлди. Биз 12 та сайлов участкасини кўрдик. Ҳамма жойда очиқ сайлов бўлди. Жуда яхши ташкиллаштирилган. Одамларнинг сайловда яхши кайфиятда қатнашганини кўрдик”, - деди ўзбекистонлик кузатувчи Тоҳиржон Шаймонов.

Парламент сайловига бир кун қолганда АҚШ газеталари Қозоғистон сайлов тизимини қаттиқ танқид остига олганди.

“Нью-Йорк таймс”, “Интернейшнл геральд трибюн” ҳамда Чехиядаги “Транзийшнс онлайн” интернет нашри 17 август куни чоп этган мақолаларда Қозоғистондаги 2005 йилги президент сайловида мамлакат разведка хизмати сайлов пайтида халқаро кузатувчиларнинг эътиборини чалғитиш учун махсус операция ўтказгани айтилади. Улар ўшанда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Нортой Дутбоевнинг президент Нурсултон Назарбоев номига махфий операция тафсилотлари ҳақида тақдим этган ҳисоботи европалик дипломатлар қўлига тушгани ҳақида ёзди. Қозоғистон ҳукумати бу иддаоларга жавоб қайтаришдан бош тортмоқда.

Мустақил сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Ғарб нашрларининг Қозоғистон сайлов тизими тўғрисидаги танқидий фикрларида жон борлигини айтади.

“Қозоғистон махсус хизмати мамлакат сиёсий ҳаётида муайян роль ўйнаши рост гап. Шунинг учун айрим Ғарб манбаларининг иддаолари ҳақиқат эканини эътибордан соқит қилиб бўлмайди”, - дейди Д.Сатпаев.
XS
SM
MD
LG