Линклар

Франция Ироқдаги барқарорликка ҳисса қўшмоқчи


Аваз Алиев Францияда Николя Саркози президент этиб сайлангандан сўнг расмий Париж ва Вашингтон ўртасида Ироқ уруши сабабли юзага келган бироз совуқ муносабатлар яхшиланиш сари юз тутди.

Бундан икки ҳафта муқаддам Н.Саркози АҚШга ташриф буюриб Оқ уй раҳбари Жорж Буш қабулида бўлган.

Энди эса Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушер Ироққа сафар қилмоқда. Унинг бу сафари Франция ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиб бораётганини кўрсатиш учун ҳаракат ўлароқ баҳоланаётир.

Уч кунлик ташриф билан Бағдодга келган Бернар Кушер бу сафар Ироқ президенти Жалол Талабоний таклифи билан амалга оширилаётганини маълум қилди.

“Мен бу ерга эшитиш учун келдим. ЕИга аъзо давлатнинг бундай муносабати кўпроқ қизиқиш уйғотишига умид қиламан. Мен бу ерга Ироқда тинчлик ўрнатишга бўлган умидни қайтариш учун келдим”, - деди Бағдоддаги матбуот анжуманида Бернар Кушер.

Ироқ раҳбарлари билан учрашган Б.Кушнер Франция ҳукумати Ироқдаги сиёсий бўҳронни бартараф этишга кўмак беришини билдирди.

“Аввало, вазиятдан келиб чиқиб АҚШнинг позициясини ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди. Лекин бу ўринда, асосан, Ироқнинг позициясига эътибор қаратиш керак. Бу Ироқнинг муаммосидир ва у ироқликлар томонидан ҳал этилиши даркор. Мен ва президент Саркози фикрича, Ироқдаги муаммо ҳарбий эмас, сиёсий йўл билан ҳал этилиши мумкин”, - деди Бернар Кушер.

АҚШ Б.Кушернинг Ироққа сафарини олқишлаб, бу халқаро хамжамиятининг Ироқда тинчлик равнақ топишига кўмаклашишга қизиқиши ортаётганидан далолат эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG