Линклар

Қовун қовунни кўриб… Назарбоев кимларгадир намуна кўрсатмоқда

  • Озодлик

Қозоғистонда 18 август куни ўтказилган парламент сайлови мамлакатни бир партиялик тизимга қайтаргани таъкидланаётир. Ғарблик кузатувчилар эса сайлов халқаро талабларга мос эмаслигини айтмоқда.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, президент Нурсултон Назарбоев бошчилигидаги “Нур Отан ” партияси 88,05 фоиз овоз тўплаган. Сайловда қатнашган қолган олти партиядан бирортаси белгилаган 7 фоизлик тўсиқдан ўта олмаган.

Душанба куни Россия матбуоти Қозоғистонда ўтган парламент сайлови натижаларини шарҳлади.

“Время новостей” газетаси “Қозоғистон ССР” сарлавҳали мақолада “мамлакатнинг эски - бир партиялик тизимга қайтиши учун 16 йил керак бўлди”, деб ëзди.

Сайловнинг кўнгилдагидек ўтмаганини танқид қилаëтган халқаро кузатувчилар баëноти 1990 йилдан буëн Қозоғистонга раҳбарлик қилаëтган Нурсултон Назарбоевни бир сония ҳам хавотирга солмаган кўринади. Боз устига, у сайлов ўтказилишидан икки кун олдин Россия телевидениесига берган интервьюсида Владимир Путинни Россия президентлигига учинчи муддатга қолдириш таклифини илгари сурди.

“Коммерсант” газетасининг таъкидлашича, В.Путин Россиядаги ҳозирги сиёсий тизим ёрдамида ўзи истаганини қилиши мумкин ва Ғарбнинг бунга чидашдан бошқа иложи йўқ.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Шарофиддин Тўлаганов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Қозоғистондаги сайлов демократик меъëрларга мос бўлганини айтади.

“Чунки Марказий Осиë ва умуман Шарқда демократия Ғарбдагидан бутунлай фарқ қилади. Марказий Осиëда соғлом демократия йўқ, деган фикрни илгари суриб келганман. Қозоғистондаги сайлов бу фикримга далилдир. Аммо сайлов натижалари сохталаштирилди, дейиш нотўғри бўлади”, - деди Ш.Тўлаганов ва шунга қарамай, бу мамлакатда бир партиялик парламентга қайтилганидан таассуб билдирди.

Ўзбекистонлик бошқа бир таҳлилчи, сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса Қозоғистондаги сайлов демократик меъёрлардан жуда узоқ бўлганини таъкидлади.

“Ўзбекистондаги ўзгача фикрловчилар бундан афсусда. Парламент сайлови давомида юз берган қонунбузарликлар минтақадаги бошқа мамлакатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади”, - деди Т.Йўлдошев.

У бу гапи билан Ўзбекистонда шу йил декабрда ўтиши кутилаëтган президент сайловига ишора қилмоқда.

Айрим таҳлилчилар 2005 йилда Қозоғистонда ва 2006 йилда Тожикистонда ўтган президент сайловлари қайсидир маънода Ўзбекистон президентига шаъма бўлиб, у ҳам президент сайловини ўзи истаганича ўтказиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслигини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG