Линклар

Лофнинг давоми ёки сигирни ёлғонга аралаштираётган маъмурлар ҳақида

  • Сарвар Усмон

Пахтада, ғаллада ва бошқа кўплаб соҳаларда қўшиб ёзиш авж олгани овоза бўлган Ўзбекистонда энди одам сони ҳам қўшиб ёзилиши урфга кираётган кўринади.

“Регнум” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги “Маҳалла” жамғармаси маълумотларига таяниб, мамлакатда ўтган дам олиш куни ўтказилган хайрия ҳашарида 16 миллиондан зиёд ўзбекистонлик иштирок этгани ҳақида ёзди.

Айнан мана шу рақам бироз бош қашишни биладиган одамда сал шубҳа уйғотади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ёзнинг бошида тарқатган хабарга қараганда, жорий йилнинг 1 апрелида Ўзбекистон аҳолиси 26 миллион 700 минг кишини ташкил этган. Аҳолининг 56 фоизи ёши 15дан 64гача бўлган кишилардир.

16 миллион киши умумий аҳолининг 70 фоизи деганидир.

Демак, ҳашарда 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар ёппасига ва улардан ташқари ёш болалар ва пайғамбар ёшидан ўтиб кетганларнинг камида 14 фоизи иштирок этган. “Маҳалла” жамғармасига ишониладиган бўлса, бемору ногиронлар ҳам, айни пайтда таътилда бўлган ўқувчию талабалар ҳам меҳнат байрамидан четда қолмаган.

Бироқ “Озодлик” мухбири эҳтимол “Маҳалла” ҳисобга киритган баъзи ўзбекистонликлар билан гаплашиб, жамғарма сал ошириб юборганига ишонч ҳосил қилди.

“Жиззахда юқоридан, вазирликдан одам келар экан, деб кўчаларни супуриб юрганларни кўрдим. Лекин йўлда - Ғаллаорол, Бахмал туманларида бировнинг ҳашарга чиққанини кўрмадим. Борган еримиздаям ҳатто қишлоқ фуқаролар йиғинлари ходимлари тўйда ичиб ўтирганини кўрдим”, - дейди ҳашар куни Бахмал туманига тўйга борган жиззахлик аёл.

Балки бу аёл машина тез юрган бўлса, ҳашарчиларни кўрмай ўтиб кетиб қолгандир. Ҳашар у киши тилга олган туманларда ҳам ўтказилгандир.

Самарқандлик суҳбатдош ҳам ҳашарга қатнашмабди.

“Кўзи ожиз одамман. Шунинг учун бизни давлат мажбур қилиб ўтирмайди. Лекин Мустақиллик куни муносабати билан ҳашар уюштирилгани тўғрисида радиодан эшитдим”, - деди самарқандлик суҳбатдош.

Жиззахлик аёл тўйга боргани, самарқандлик тингловчи кўзи ожиз бўлгани учун ҳашарга қатнашмагани ҳашар бўлмади, дегани эмас, албатта.

Лекин аҳолининг 70 фоизи иштирокида, яъни 16 миллион киши қатнашиб ҳашар бўлди, деб маълумот бериш ҳам сал ғалатироқда.

Қолаверса, самарқандлик тингловчи қуйидаги ҳисоб-китобларни келтирди:

“Аҳолининг анчагина қисми Қозоғистонга, Россияга кетиб қолган. Шунинг учун 16 миллион кишининг ҳашарга чиқиши ишониб бўлмайдиган рақам”.

Бу лавҳа ҳашар тўғрисида эмас. Лавҳа Ўзбекистонда ғирт советча андозалар асосида ҳанузгача ёлғон урчитилаётгани ҳақдадир.

“Маҳалла” жамғармасидан олинган маълумотга таяниб “Регнум”нинг ёзишича, ҳашар иштирокчилари ёлғиз қариялар, ногиронлар, қаровчисиз қолган болалар ва кам таъминланган оилаларга қарийб 400 миллион сўмлик моддий ёрдам уюштириб берган.

Ўзбекистон маъмурлари ҳашарсиз ҳам Ижтимоий ҳимоя йилида кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиб келмоқда. Масалан, сигир совға қиляпти. Лекин шу ишгаям ёлғон аралашганини айтади жиззахлик момо.

Унинг сўзларига кўра, Бахмал туманида ҳоким томонидан бир оилага сигир олиб келиниб, суратга туширилиб, кейин қоғозларга қўйдирилиб, сигирни қайтариб олиб кетишяпти.

Наҳотки!?

“Худо кўриб турибди-ку?! Қандай ёлғон гапирай?! Бахмалликлар ниҳоятда қийналиб қолдик, деб ўзлари айтяпти”, - дейди момо.

Мустақиллик шарофати билан ўтказилган ҳашарда 16 миллион (яъни аҳолининг 70 фоизи) қатнашди, деб эмас, чиндан ҳам иштирок этганини, бир миллионми, икки миллионми, ёзса, Москва сўкадими?

Ахир, Ўзбекистон мустақил-ку!?
XS
SM
MD
LG