Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:10

“Сайлов” ўйини Қозоғистон обрўсига таъсир қилади


Қозоғистонда 18 августда ўтган сайлов бир партиявий парламент тизимига замин яратгани мамлакат сиёсий ҳаётининг тоталитар ўтмишга қайтишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириляпти.

Аммо сиёсатшунос Қаҳармон Хўжамберди бундай хавотирларга ўрин йўқлигини билдирди.

“Мен парламентнинг бир партиявийлиги Қозоғистонни ортга етаклаши мумкин, деган хавотирларга қўшилмайман. “Нур Отан” партияси дастурида кўпгина демократик нуқталар бор. Партия сиёсатида Қозоғистон равнақига олиб келадиган мақсадлар кўп. Ҳозир кўп сиёсатшуносларни безовта қилаётган масала парламентнинг бир партиявийлиги эмас, балки янги парламент депутатларининг бир хил фикрловчилардан иборат бўлиб қолишидир”, - деди сиёсатчи.

Мустақил журналист Сергей Дуванов эса Қозоғистон парламентининг бир партиявий бўлиб қолиши мамлакат сиёсий ҳаётига бирор ўзгариш ясамаслигини таъкидлади.

“Аслида вазият аввалги парламентдагидек бўлиб қолади. Аввалги парламент таркибида ҳам “Нур Отан” аъзолари бўлган, янги таркибда ҳам эски чеҳраларни учратиш мумкин бўлади. Бу мамлакат сиёсий ҳаётига ҳеч қандай ўзгариш олиб келмайди. Қозоғистон сиёсати эски йўналишида давом этади”, - деди Сергей Дуванов.

Сайлов олдидан кўпгина маҳаллий кузатувчилар ҳукумат парламент таркибига мухолифатнинг киришига ҳам йўл очиб беришини тахмин қилганди. Интрига фақат мухолифатдан “Оқ жўл”ми ёки Социал демократик партия парламентга ўтадими, деган масала устида эди. Бироқ кутилмаганда бу тахминлар чиппакка чиқди. Ҳукмрон “Нур Отан” қарийб 90 фоиз овоз олган бир пайтда “Оқ жўл” ва СДП парламентга кириш учун белгиланган 7 фоизлик тўсиқдан ўта олмади.

Маҳаллий кузатувчилар бу ўринда икки қарашни илгари сурмоқда. Биринчиси, ҳукуматда парламентга мухолифатни киритиш истаги бўлгани кузатувчилар ва журналистлар ўйлаб топган уйдирмадир. Иккинчи қараш шуки, президент Нурсултон Назарбоевда аввалига демократия ўйинларини ўйнаб кўриш хоҳиши бўлган, аммо кейин унинг аянчли оқибатларга олиб келиш хавфи остида парламент таркибини эски ҳолича қолдирган.

Сергей Дувановнинг айтишича, парламент сайлови давомида мухолифат билан сиёсий ўйинга киришган Н.Назарбоев буларнинг барчаси халқаро майдонда мамлакат обрўсини бир пул қилиши ҳақида ўйламаган чоғи.

“Мухолифатнинг янги парламентга кириши президент Назарбоевга ташқи сиёсий дивидентлар келтирарди. Бундан ташқари, сайловда мухолифатга йўл берилиши Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТда раислик қилиш ваколатини қўлга киритишига кафолат ҳам яратарди. Ҳозир эса бу мақсаднинг амалга ошиши катта шубҳа остида”, - деди Сергей Дуванов.
XS
SM
MD
LG