Линклар

Роҳат Алиевнинг отаси устида ҳам қора булутлар айланмоқда


Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев отаси Мухтор Алиевнинг уйида тинтув ўтказилиб, устидан жиноят иши қўзғатилиши ўзидан ўч олиш мақсадида амалга оширилганини таъкидлади.

Ўз юртида кўплаб иқтисодий жиноятлар, одам ўғирлаш ва қотиллик кабиларда айбланаётган Р.Алиев айни пайтда Венада яшамоқда. Вена суди Р.Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилишни рад этган.

Унинг маҳаллий “Куб.кз” ахборот агентлиги орқали эълон қилинган навбатдаги баёнотида айтилишича, 20 август куни отаси, академик М.Алиевнинг уйида 20дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходими процессуал меъёрларга зид равишда тинтув ўтказган. Уйга қурол ташлаб қўйилиб, академик устидан жиноят иши қўзғатилган ва унинг мамлакатни тарк этиши тақиқланган.

“Бунинг оқибатида отам Лондонда яшаётган қизининг олдига учиб кета олмаяпти. Агар барчасини ўз номи билан айтадиган бўлсак, улар отамни гаровга олган. Қозоғистон махсус хизмати ходимлари отамга нисбатан амалга оширган бундай ҳаракатлар бутун дунёда террор ҳисобланади”, - дейилади Р.Алиевнинг баёнотида.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бағдат Хўжаҳмедов М.Алиевнинг уйида тинтув ўтказилганини тасдиқлади.

“Нурбанк”нинг собиқ ходимлари Темиралиев ва Ҳасеновнинг бедарак йўқолгани юзасидан очилган жиноят иши доирасида терговчиларга Мухтор Алиевнинг уйида қурол борлиги ҳақида маълумот тушди. Бош прокуратура санкцияси асосида ўтказилган тинтув давомида ҳақиқатан ҳам уйдан қурол топилди ва кейин жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир М.Алиевдан Қозоғистон ҳудудини тарк этмаслик ҳақида тилхат олинган”, - деди Б.Хўжаҳмедов.

У айни пайтда М.Алиев ўз уйида экани, уни ҳеч ким гаровда ушлаб турмаганини қўшимча қилди.

Р.Алиев эса отасига нисбатан амалга оширилаётган бу ҳаракатларни президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ қудасидан ўч олиши ўлароқ баҳолаяпти.

“Чунки отам мамлакатдаги энг таниқли давлат арбоблари орасида биринчилардан бўлиб Н.Назарбоевга умрбод президент бўлиб қолиш имконини берадиган антидемократик конституциявий ислоҳотларни танқид остига олган эди. Отамнинг уйида ўтказилган тинтувнинг иккинчи сабаби президентнинг мендан ўч олиш ниятидир”, - дейди Р.Алиев ўз баёнотида.

Қозоғистондаги баъзи кузатувчилар Р.Алиевнинг гапларида жон борлиги, академик М.Алиевнинг уйида ўтказилган тинтув ва жиноят иши очилиши эса ҳуқуқ-тартибот идораларига юқоридан берилган топшириқ эканини эътироф этмоқда.

Олмаотадаги инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Евгений Жовтис ҳам академикнинг уйига қурол атайин ташлаб қўйилгани ҳақидаги тахминларда жон борлигини айтади.

“Афсуски, Қозоғистонда бу каби ҳолатлар кўп учрайди. Лекин буни ҳеч ким исботлай олмайди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бундай ҳолатларда жуда уста ишлайди”, - дейди Евгений Жовтис.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда сиёсий номақбул кишиларнинг яқинларини таъқиб этиш, уларга босим ўтказиш ҳоллари қўшни Ўзбекистон ва Туркманистондаги каби кўп эмас. Аммо мамлакат сиёсий тизимининг тобора тоталитар ўтмиш сари оғиб бораётгани Қозоғистон тез бўлмаса-да, аста-секин бу борада қўшни мамлакатга етиб олишидан дарак бермоқда.
XS
SM
MD
LG