Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:35

Халқаро ташкилот Ўзбекистон келажагидан хавотирда


Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи “халқаро ҳамжамият диктатор президент Ислом Каримов лавозимидан кетгандан сўнг Ўзбекистонда юзага келиши мумкин бўлган ички бўҳронларга тайёр туриши керак”лиги ҳақида бонг урди.

Қароргоҳи Брюсселда жойлашган бу ташкилотнинг “Ўзбекистон: Турғунлик ва мавҳумлик” номли ҳисоботида “Андижон қирғинидан икки йил ўтиб мамлакат ўзи ва минтақа учун жиддий хавф бўлиб қолаётгани” айтилади.

“Ташқаридан қараганда, Ўзбекистонда сиёсий жимжитлик, аммо энг катта хавф олдинда, - дейди мазкур ташкилот вице президенти Жон Гринуолд. - Чунки президент Каримовнинг мамлакат устидан назорати унинг ўз курсисида ўтириш муддати ва соғлиғига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Унинг ортидан лавозимга келиши мумкин бўлган меросхўр тайин эмас. Аслида Каримовнинг қонуний президентлик муддати январь ойида тугаб бўлган, аммо сайлов ҳақида ҳалигача гап-сўз йўқ, ҳокимиятни топшириш жараёни белгилаб қўйилган эмас”.

Жон Гринуолд фикрича, шу сабабдан ҳам келажакда ҳокимият учун кураш ўта аёвсиз бўлиши мумкин.

Ташкилот ҳисоботида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти абгор аҳволда экани, қаттиққўллик билан назорат этилувчи иқтисод сармоядорларни қочираётгани ва аҳоли қашшоқлашувини кучайтираётгани айтилади.

Каримов режими ўз авторитар сиёсатини оқлаш учун “террорга қарши кураш”ни рўкач қилади, аммо бу босим мухолифатнинг янада радикаллашувига олиб келиб, каттароқ хавф уйғотмоқда.

“Мамлакатда яшовчи кўплаб одамларнинг ўта оғир иқтисодий аҳволи, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қатағонлар ва мамлакатда ҳокимиятнинг тинч алмашинувини таъминлайдиган сайлов жараёни йўқлиги – буларнинг ҳаммасини бир жойга тўплаб қарайдиган бўлсак, мамлакат яқин 2-3 йил ичида рўй бериши ва минтақа учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган инқироз ёқасида эканини кўрамиз”, - дейди Жон Гринуолд.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи экспертлари таъкидича, Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнаси келажаги ноаниқликларга тўла. Одамларнинг бепарволиги уларнинг мавжуд тизимни қувватлашини эмас, балки қўрқув ва умидсизликни акс эттиради.

2005 йил май ойида Ўзбекистонда ҳукумат кучлари Андижондаги исённи бостириш пайтида юзлаб одам ҳалок бўлган эди. Ушбу воқеалар ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистонга чекланган санкцияларни жорий этди. Аммо бу чоралар Андижон воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказиш ва ҳукумат хулқ-атворини ўзгартириш борасида исталган натижани бермади.

Ўзбекистон ҳукумати Ғарб танқидчиларини юзаки ҳаракатлар билан хотиржам қилишга уринди, аммо ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва сиёсий мухолифат фаолларига тазйиқлар тўхтамади. Юзлаб одам ватанини тарк этди. Ўзлари бошпана топган мамлакатларда ҳам ўзбек қочқинларини Ўзбекистон махсус хизматларининг сўрови асосида мажбурий бадарға этилиш хавфи тарк этмади.

“Андижондаги исён ва қатлиом, ундан кейин бошланиб кетган қатағонлар Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида етилган абгор вазиятнинг ташқи белгилари (симптомлари) эди. Мамлакатда иқтисодий вазият ўта оғир. Иқтисод ҳукуматнинг кучли назорати остида. Режим атрофидаги бир ҳовуч одамлар бойимоқда, аксарият аҳоли эса кун сайин қашшоқлашмоқда. Бу эса таназзул учун идеал омилдир”, - дейди Жон Гринуолд.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ Ўзбекистонга жорий этган рамзий санкцияларни кучайтириши керак. ЕИ Ўзбекистон борасидаги позицисини аниқ белгилаши, санкциялар бекор қилиниши учун Тошкент ҳукумати бир қанча талабларни бажармоғи, жумладан, Андижон воқеаларидан сўнг ёпилган ноҳукумат ташкилотларни қайта рўйхатга олиши, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этишни тўхтатиши, Халқаро қизил хоч ташкилотига ўзбек қамоқхоналарини текшириш учун чекланмаган рухсат бериши, шунингдек, Андижон воқеалари бўйича тергов ўтказиш учун БМТ ва ЕХҲТ кўмагида мустақил экспертлар гуруҳига рухсат бериши даркор.

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон иқтисодини эркинлаштиришга ҳаракат қилиши, ўзбекистонлик қочқинлар ва меҳнат муҳожирларига уларнинг радикал диний гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ёрдам кўрсатиши, ўзбек ёшларининг чет эллларда ўқишини рағбатлантириш керак.

Ташқи агентлар ҳозирги пайтда Ўзбекистон ичкарисида содир бўлаётган воқеаларга таъсир ўтказиш учун жуда кам иш қила олади, аммо мамлакатнинг оддий фуқароларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилари Ислом Каримов сиёсий саҳнадан бутунлай кетгандан кейин келажакда содир бўлиш эҳтимоли катта бўлган ғалаёнлар ва туб ўзгаришларга бас кела олиши учун уларга ёрдам бериш лозим, дейилади Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG