Линклар

Президентликка номзодликка номзодлар бор, сайловнинг ўзидан дарак йўқ

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистоннинг сўнгги таҳрирдаги конституцияси 117-моддасида белгиланган талабдан келиб чиқилса, мамлакат президентлигига сайлов ўтадиган кунга 23 август куни роппа-роса 4 ой қолди.

Ушбу моддада сайлов жорий президент ваколатлари тугайдиган йил охирида – декабрь ойи учинчи декадасининг биринчи якшанбасида ўтказилиши ёзиб қўйилган. Шу талабга кўра сайловга роппа-роса 4 ой қолганига қарамай, расмий Тошкент сайлов тўғрисида ҳунузгача лом-мим дегани йўқ. Аммо баъзи ўзбекистонликлар сайловга тайёргарликни бошлаб юборганига анча бўлди.

Шу кунгача камида 4 ўзбекистонлик сайловда Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида иштирок этажаги тўғрисида эълон қилган.

Улардан бири Абдулло Тожибой ўғли Тошкент шаҳрида туғилган, 1975 йилда Тошкент савдо техникумининг озиқ-овқат технологияси факультетини тамомлаган.

Унинг фикрича, Ўзбекистон президенти сайлови 2007 йилнинг бошидаёқ ўтказилиши керак эди. Чунки конституциянинг 90-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатлари 2007 йил 23 январда тугаган.

Лекин расмий Тошкент бу даъвони тан олмай келмоқда.

“Озодлик”ка берган суҳбатида Абдулла Тожибой ўғли сайловда президентликка номзод сифатида қатнашиш фикридан воз кечмаганини билдирди.

Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлаётганлардан иккинчиси Жаҳонгир Шосалимов. У ҳам Тошкент шаҳрида туғилган. Пойтахтдаги Чорсу бозорида чакана савдо билан шуғулланади.

Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини кўрсатиш илинжидагилардан яна бири Аҳтам Шоймардонов бўлиб, у Чирчиқ шаҳрида туғилган, 1975 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини, 1982 йилда Тошкент давлат университетини тугатган. А.Шоймардонов ҳам президентликка ўз номзодини кўрсатиш ниятидан воз кечгани йўқ.

Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлаётганларнинг тўртинчиси профессор Суҳбат Абдуллаевдир. У Хоразмда вилоятида туғилган, олий маълумотли муҳандис-энергетик. Тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Профессор Абдуллаев ҳам “Озодлик” билан суҳбатда президентликка номзодини қўйиш ниятидан қайтмагани, қайтмоқчи ҳам эмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, ўз имкониятларини яхшилаб ҳисоблаб чиққан. Номзодини қўллаб-қувватловчи ташаббус гуруҳи ҳам бор, тўпланиши керак бўладиган имзоларни йиға олишига ҳам кўзи етиб турибди.

“Агар расмийлар тўсқинлик қилмаса, қонун бузилмаса, номзод сифатида расмий қайддан ҳам ўтаман”, - дейди Суҳбат ака.

Шунга қарамай, С.Абдуллаев сайловга қўйилган тақдирда ҳам унда ғолиб чиқиш имконияти нолга тенг эканини таъкидлади. Худди шундай ёки шунга ўхшаш гапни президентликка номзодликка номзод бошқа кишилардан ҳам эшитиш мумкин.

Унда нега улар тенгсиз курашга бел боғламоқда?

“Халқни кимдир уйғотиши, халқнинг кўнглига кимдир умид учқуни солиши, ўз ортидан эргаштириши керак бўлган вақт келмадимикин?! Ўзбекнинг йигит-қизлари мен ҳам ўзбекман, мен ҳам халқман, деб бош кўтариб чиқадиган пайт келмадимикин?! Кимдир чиқиши керак-ку! Кимдир биров белини боғлаши керак-ку! Майли унинг қони тўкилсин, майли унинг бошини олишсин, лекин кимдир бошлаши керак-ку! Қачонгача биқиниб-сиқиниб юрамиз?! Халқ шунга қараб турибди-ку! Биз мана шунинг учун қиляпмиз бу ишни. Шахсан менга президентлик керак эмас. Халқимни салгина уйғотиб, салгина демократия томон боришнинг ўзи мен учун етади. Мен охиригача курашаман, барибир”, - деди С.Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG