Линклар

Имомали Раҳмон журналистлар мурожаатига қулоқ осмади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида мамлакат парламенти тақдим этган ва кўплаб танқидларга сабаб бўлган ҳужжатни имзолади.

Янги ўзгаришлар Интернет нашрларда чоп этилган мақолалар учун муаллифларни туҳмат ва шахсни ҳақорат қилиш ҳамда ёлғон маълумотлар тарқатишда айблаб, жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради. Илгариги қонунчиликда Интернетда чоп этилган мақолалар учун жиноий жавобгарликка тортиш йўқ эди.

Тожикистонлик журналистлар Жиноят кодексидаги янги ўзгаришлар мамлакатда ўз ўзини цензура қилиш ва журналистларни таъқиб этишга кенгроқ йўл очишидан ташвиш билдирмоқда. Сал аввалроқ журналистлар Имомали Раҳмонга парламент томонидан тақдим этилган бу қўшимча ва ўзгаришларга вето қўйишни сўраб очиқ хат йўллаганди. Бироқ президент бу чақириқни жавобсиз қолдирди.

Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев президент журналистлар мурожаатини эътиборга олмаганидан афсус билдирди.

“Энди Интернетда бирор шахсга боғлиқ мақола чоп этиши ҳам журналистни жиноий жавобгарликка етаклаши мумкин”, - дейди Н.Қаршибоев.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистондаги муаммоларга оид аксарият мақолалар мамлакат ташқарисидаги сайтларда чоп этилади. Шу нуқтаи назардан ўзга давлат ҳудудида муаллифни таъқиб қилиш, қолаверса, муайян сайтни ёпишни талаб қилиш кулгилидир.

“Фараж” газетаси бош муҳаррири Хуршид Атоулло эса Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш президент томонидан имзолангандан сўнг шовқин кўтариш бефойда эканини айтади.

“Тожик журналистлари парламент бу ҳужжатни маъқулламасидан олдин Жиноят кодексидаги сўз эркинлигини чеклашга сабаб бўладиган моддаларни олиб ташлашни талаб қилиши лозим эди”, - дейди Х.Атоулло.

У хорижий сайтларда чоп этилган муайян мақола муаллифини таъқиб этиш механизми жуда мураккаблиги нуқтаи назаридан Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар Тожикистон ҳукуматига наф келтирмаслигини таъкидлади.

“Фақат мамлакат ичкарисидаги журналистлар янада ҳушёрроқ бўлиб, ўз ўзини цензура қилиш кучаяди. Бу эса, ўз навбатида, ахборот бўшлиғини яратади”, - деди Х.Атоулло.

Жиноят кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишларга кўра, туҳмат ёхуд шахсни ҳақоратлаш мазмунида Интернетда мақола чоп этган муаллиф 180 соатдан 240 соатгача мажбурий ишларга жалб этилади. Ёки энг кам иш ҳақининг 500дан 1000 баробари миқдоригача жарима тўлайди. Ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум этилади.
XS
SM
MD
LG