Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:48

Адвокат: “Прокурорлар ўзини яратган эгамдай тутади”


Ўзбекистонлик адвокатлар Хоразмда судда қатнашаётиб безориликда айбланиб ҳибсга олинган ҳамкасблари Фауд Рўзиевнинг озод этилишини сўраб мамлакат президентига мактуб йўллади.

Хоразм вилояти адвокатлар коллегияси аъзоси Эшмурод Маматов “Озодлик” билан суҳбатда 20 август куни Ф.Рўзиев ҳибсга олинганини эшитгани, лекин у қатнашаётган суд ёпиқ бўлгани учун тафсилотлар ҳақида ҳеч нарса дея олмаслигини билдирди.

Ҳамкасби ҳимоясига отланган адвокат Руҳиддин Комилов эса адвокатнинг панжара ортига ташланиши Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида шаклланган ўзбошимчаликнинг яққол кўриниши эканини таъкидлади.

“Қочган ҳам, қувган адвокатга ëпишмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органларига қонидан кирганми, жонидан кирганми, билмадим, хуллас улар назарида адвокатдан ëмони йўқ”, - дейди Р.Комилов.

“Ўзметроном” сайтининг ёзишича, адвокат Фауд Рўзиев Хоразм вилояти прокуратураси терговчилари сўроқ давомида айбланувчиларни қийнаëтгани ва улар чўнтагига намойишкорона ўқ-дори ва наша солиб қўяётганини фош қилишга уринган.

Хоразмлик адвокат Э.Маматов Фауд Рўзиев қатнашаëтган суд давлат мулкини ўзлаштириш, қўшиб ëзиш, талон-тарожликлар бўйича жараён эканини маълум қилди.

“Сиëсий айблар ҳам илгари сурилмоқда. Эркак билан эркакнинг жинсий алоқаси ҳақидаги айб ҳам кўрилаётгани учун суд ëпиқ”, - деди Э.Маматов.

“Ўзметроном”да ёзилишича, Тошкентдан келган адвокат Фауд Рўзиевнинг синчковлиги Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Иброҳим Давлатовга ëқмаган ва адвокатни безориликда айблаб қаматиб қўя қолган.

Р.Комилов бундай ўзбошимчалик мамлакатнинг барча ҳудудларида учрашишини таъкидлар экан: “Прокурорлар ўзини яратган эгамдай тутади. Гўë қонунлар улар учун ëзилмагандай”, - деди.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий адвокатлар суд, Миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура ходимлари етовида иш юритади. Марказдан келган адвокат эса маҳаллий ўйин қоидаларига путур етказиши мумкин. Шу боис ҳам четдан келган адвокатлар исталмаган шахсдай кўрилади.

“Озодлик” Фауд Рўзиевнинг ҳибсга олиниши воқеаси юзасидан Хоразм вилояти прокуратурасидан изоҳ ололмади.

Адвокат Р.Комилов эса Ўзбекистон президентига ёзилган мурожаат Фауд Рўзиевни озод этиш ҳаракатларига самара беришига ишонмоқда.
XS
SM
MD
LG