Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:12

Душанбелик имомлардан тўрт нафари имтиҳондан ўта олмади


Душанбе шаҳрида имом хатибларнинг билим савиясини имтиҳон қилиш тадбири тугади. Аттестациядан ўтказилган имом хатиблардан 70 фоизи яхши баҳо ололмади, 4 имом эса вазифасидан четлатилди.

Тожикистон дин уламолари кенгашининг фатво бўлими бошлиғи, мазкур аттестацияга раислик қилган Худойберди Эгамбердиевнинг айтишича, Душанбе шаҳри ҳокимлиги буйруғи билан ўтказилган имтиҳон фақат ислом динига оид саволлардан иборат бўлган. Шунингдек, шаҳар ҳокимлигидан қатнашган вакиллар имомларнинг “Дин ва диний ташкилот тўғрисида”ги қонунга оид билимлари билан ҳам қизиққан. Имтиҳон давомида мазкур қонундан умуман хабарсиз имомлар борлиги аниқланган.

Х.Эгамбердиев имтиҳонда билими паст баҳоланган имомлар учун махсус курслар ташкил этилишини маълум қилди.

Имтиҳондан ўта олмай, вазифасидан айрилган имомлар билан гаплашишнинг имкони бўлмади. Лекин ўз исмини айтмасликни сўраган имомлардан бири бу аттестация одамларни чалғитиш мақсадида ўтказилганини таъкидлади.

“Сўнгги вақтларда расмийлар мамлакат, хусусан, пойтахт масжидларида тасодифий имомлар ва чаласавод муллалар кўпайиб, болаларга диний таълим бераётгани борасида бонг ура бошлади. Шундай баҳоналар билан расмийлар масжидларни ёпиб, ҳижобли муслима талабалар ҳуқуқларини поймол қила бошлади. Табиийки, бу аҳоли ўртасида норозилик туғдиради. Шунинг учун имомларни аттестация қилиш тадбири ўйлаб чиқилди”, - дейди суҳбатдош.

Душанбедаги масжидлар имомларини имтиҳон қилиш тадбири икки ҳафта давом этди. Яқин кунларда мамлакатдаги барча имомларни аттестациядан ўтказиш тадбири бошланади.
XS
SM
MD
LG