Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:01

АҚШ разведкаси Ироқ ҳукумати ишини қониқарсиз баҳолади


АҚШ миллий разведка идораси Ироқдаги вазият бўйича янги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот муаллифлари уруш алангасида қолган Ироқдаги вазият ëмонлашиб бораëтганини билдирган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ироқнинг амалдаги ҳукумати мамлакатдаги мазҳаблараро низонинг олдини олишга ожиздир. Келаси 6-12 ой ичида Ироқдаги вазият янада беқарорлашади.

Ҳисоботда Ироқ сиëсий етакчилари самарали бошқаришга қодир эмасликни кўрсатишда давом этаётгани, мамлакат бўйлаб сиëсий зўравонликлар кўлами кенгайиб бораётгани, мазҳабий бўлиниш янада чуқурлашиши ва Ироқда “Ал-Қоида” кучли бўлиб қолиши айтилган.

Бундай хавотирли хулосаларга қарамай, ҳисобот муаллифлари шу йил бошида Ироққа қўшимча ҳарбийлар жўнатилгани мазкур мамлакат хавфсизлигини таъминлашда нотекис, аммо сезиларли яхшиланишга олиб келганини билдирган.

Ҳисоботда, шунингдек, яқин ойларда АҚШ ҳарбийлари Ироқ хавфсизлик кучлари ëрдамида ҳарбий амалиëтларни кучайтирса, ижобий ўзгаришларга эришиш мумкинлиги таъкидланган.

Ҳисобот эълон қилинган бир пайтда республикачи сенатор Жон Уорнер президент Жорж Бушни Америка қўшинларини Ироқдан олиб чиқишни бошлашга чақирди.

Яқинда Ироқда бўлиб қайтган сенатор бу қадам Ироқ ҳукуматини мамлакатда сиёсий барқарорликни ўрнатишга ундаши ва Ироқда тинчлик равнақ топишига кўмак бўлишини таъкидлади.

“Ироқдаги 160 минг ҳарбийдан, айтайлик, беш мингтасини Рождество ёки Янги йилгача ўз оила аъзолари бағрига қайтарилишини бошлашимиз мумкин”, - деди Жон Уорнер.

АҚШ сиëсатчилари эса Ироқнинг амалдаги ҳукумати мамлакатни самарали бошқаришига ишонмайди. Аммо АҚШ раҳбарияти бу талабни конгрессмен ёки сенаторлар эмас, фақатгина Ироқ халқининг ўзи қўйишга ҳақли эканини айтмоқда.

Келаси ой бошларида Конгрессда демократлар ва республикачилар иштирокида Ироқдаги вазият юзасидан жиддий дебатлар бўлиб ўтиши кутилаётир.

Айнан Конгресс Ироқдаги урушга қанча пул ажратилишини ҳал қилади.
Демократлар АҚШ ҳарбийларини Ироқдан ортга қайтаришга чақиришда давом этмоқда. Президент Буш эса ҳозирча бунинг иложи йўқлиги ва бундай ҳолатларда қарор чиқариш учун жойлардаги ҳарбий қўмондонлар билан маслаҳатлашиш лозимлигини айтаётир.
XS
SM
MD
LG