Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

“Жосус ўйини” кимга керак?


Қирғизистонда жосусликда айбланиб 5 июль куни ҳибсга олинган шахслардан бири мамлакат Миллий хавфсизлик хизмати ходими Александр Гриф, иккинчиси Мудофаа вазирлиги собиқ ходими Валерий Пасуло экани айтилмоқда.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Муродбек Ашурбеков вазирликнинг собиқ ходими қўлга олинганини тасдиқлаб, у бир йил аввал нафақага чиққани ва вазирлик ходими ҳисобланмаслигини билдирди.

Бундан бир ойча муқаддам қирғиз парламенти ходимаси ҳам Хитой жосуси сифатида қўлга олинган эди. Бироқ 5 июль куни қўлга олинган икки офицер қайси давлат фойдасига ишлагани ошкор этилмаётир. Москвада нашр этиладиган “Коммерсант” ва “Время новостей” газеталари улар Россия фойдасига жосусликда айбланаётганини хабар қилган бўлса-да, Қирғизистон МХХдаги манбалар бу маълумотни тасдиқламади, рад ҳам этмади.

Икки офицер жосуслик айби билан қўлга олингани тўғрисидаги ахборот МХХ томонидан орадан 1,5 ой ўтиб ошкор этилаётгани ҳам тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Мирослав Ниёзов фикрича, жосуслик билан боғлиқ бу жанжал Қирғизистон ҳокимиятидаги сиёсатчилар учун керак бўлиб қолгани туфайлигина ошкор этилган.

“Жосуслик жанжали сиёсий сабаблар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам масалани аскар этиги билан эмас, нозик сиёсат орқали ҳал этиш лозим эди. Бундай жанжаллар Қирғизистон учун ҳеч қандай манфаат келтирмайди”, - деди Мирослав Ниёзов.

Қирғизистонлик сиёсатчи Алишер Абдумўминов сўзларига кўра, бу воқеа мамлакат МХХ раҳбариятининг ўз сиёсий рейтингини ошириш учун қилаётган хатти-ҳаракати ҳосиласидир.

“Мамлакатимизда қайси соҳада, қайси тузилмада яширин маълумотлар бор? Бу маълумотларнинг эгаси ким? Давлат сири ривожланган, иқтисоди тараққий этган давлатларда бўлади. Кичгинагина Қирғизистонда давлат сирини ошкор этиш, деган тушунча борлигининг ўзи кулгилидир. Яширин маълумотларни бошқа давлатларга сотган, деган баҳона билан жосусликда айблаш мутлақо асоссиз”, - дейди сиёсатчи.

У Қирғизистон парламентининг бундан бир ой аввал Хитой фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган ходимаси Жипар Ариқова ишини сўзларига далил сифатида келтирди.

Қирғизистон МХХ Ж.Ариқова давлат сири ҳисобланган ҳужжатларни Хитой фуқаросига топшираётган пайтда қўлга олинганини билдирган эди. Кейин маълум бўлишича, парламент ходимаси Хитой фуқаросига мамлакат янги конституцияси лойиҳаси, Қирғизистонда ўтган митинглар ҳақидаги маълумотлар ва бу борада парламент тингловлари баённомаларини топшираётган пайтда қўлга олинган экан. Бу маълумотлар эса давлат сири ҳисобланмайди ва қонунчиликка кўра, исталган фуқаро парламентдан уларни сўраб олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG