Линклар

logo-print

Қозоғистон ЕХҲТга раислик қилиш умидидан воз кечгани йўқ


18 август куни ўтказилган парламент сайлови Қозоғистоннинг халқаро майдондаги обрўсига салбий таъсир этганига қарамай, мамлакат 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиш умидини йўқотмагани сезилмоқда.

Куни-кеча “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Қозоғистоннинг бу ниятига эришиши эҳтимоли жуда камлигини маълум қилганди.

“Президент оиласи, жумладан, унинг собиқ куёви билан боғлиқ сўнгги воқеалар, шунингдек, мамлакатда ўтган парламент сайловига ЕХҲТ кузатувчилари берган танқидий баҳо Қозоғистоннинг бу халқаро ташкилотга раислик қилиши масаласини шубҳа остига қўймоқда”, - дейилади “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти баёнотида.

Қозоғистон ҳукумати ЕХҲТга раислик қилиш иштиёқи сўнмаганини билдираётган бир пайтда мамлакатда тоталитар ўтмишга қайтиш белгилари сезилаётгани айтилади. Шундай бир вазиятда ҳукуматнинг нуфузли халқаро ташкилотга раислик қилиш умидидан кечмаётгани тушунарсиз.

Долзарб тадқиқотлар маркази раҳбари Андрей Чеботарёв Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиш истаги ҳукуматнинг пиар лойиҳаси бўлиши мумкинлигини айтади.

“Бу орқали Қозоғистон ўзини халқаро жамоатчиликка яқиндан танитиш имконига эга бўлди. Бундан аввал МДҲдаги бирор давлат ЕХҲТ раислигига номзодини қўймаган эди. Қозоғистоннинг бу истаги мамлакат учун халқаро миқёсда яхшигина пиар вазифасини ўтади, холос”, - дейди А.Чеботарёв.

Ҳозир Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳам мамлакатнинг ЕХҲТга раислиги масаласига тўсқинлик қилиши мумкинлигини айтмоқда маҳаллий ва халқаро кузатувчилар.

“Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда, инсон ҳуқуқлари бўйича имзолаган халқаро ҳужжатларнинг ҳеч бирига амал қилинмаётгани ҳақида соатлаб гапириш мумкин, умуман айтганда эса Қозоғистон имзолаган халқаро ҳужжатларнинг бирортасига ҳам амал қилмаяпти”, - дейди Олмаота Хельсинки қўмитаси раҳбари Нинель Фокина.

Шунга қарамай, айрим маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Қозоғистон энергетик захираларга бойлиги эвазига ЕХҲТ раислигини қўлга киритса, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланишига олиб келади, деган фикрда.

Аммо Долзарб тадқиқотлар маркази раҳбари Андрей Чеботарёв бу фикрларга қўшилмаяпти.

Унинг айтишича, ташкилотга раислик ЕХҲТга аъзо давлатлар томонидан ҳал қилинади. Уларнинг энергетика соҳасида Қозоғистон билан яқин ҳамкорлиги расмий Остонанинг ЕХҲТга раислик қилишига кафолат бермайди.

“Қозоғистон билан айнан энергетика захираларини қазиб олиш, ўзлаштириш ва экспорт қилиш бўйича жиддий алоқаларга эга давлатлар Қозоғистонга ўтган йилиёқ ташкилот раислигига сайланиш имконини бермаган эди”, -дейди Андрей Чеботарёв.

Бироқ иқтисодчи Қанат Беринтоев Ғарб ўзининг энергетик хавфсизлигидан хавотирда экани, шу сабабли энергетик захираларни олишнинг муқобил йўлларини излаётганини таъкидлади.

“Шу сабабли Ғарб гарчи Қозоғистон учун иқтисодий ва экологик жиҳатдан мақбул бўлмаса-да, Каспий нефтининг Россияни четлаб ўтиб, Озарбойжон ҳудуди орқали ўтишидан манфаатдор. Агар Назарбоев ўзининг ЕХҲТга раислик қилиш орзуси амалга ошишини истаса, у ҳолда Каспий нефтининг Боку-Жейхан нефть қувури орқали ташилишига кафолат бериши керак”, -деди Қанат Беринтоев.
XS
SM
MD
LG