Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:08

Самарқандлик ўқитувчининг мадҳи тарихий бурилишлардан нишонами?


Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги тантаналарида шахсан қатнашган президент Ислом Каримовнинг чиқиши ва бу тадбирларда унинг шаънига сўзланган ҳамду сано сиёсий таҳлилчилар томонидан сайловолди ташвиқот кампаниясининг муҳим бўлаги сифатида талқин қилинмоқда.

Гарчи мамлакат қонунчилигига кўра, Ислом Каримовда учинчи муддатга ҳам президентликка қолиш имконияти йўқ бўлса-да, самарқандликлар унинг президентлиги бардавом бўлишига гўёки бир ишорат берди.

Аслида Самарқанд шаҳрида ўтган байрам тадбири мазмунан қадим ипак йўли устида жойлашган шаҳарнинг 2750 йиллигини нишонлашга қаратилган эди. Бироқ байрам тадбирида сўзланган нутқларнинг аксарияти байрам сабабчиси бўлган Самарқанд қолиб, президент Ислом Каримов шаънига айтилган мақтовлардан иборат бўлди. Айниқса, самарқандлик кекса педагогнинг нутқи И.Каримов шаънига айтилган барча ҳамду санолардан ошиб тушди.

“Ўзбекистонни янгидан яратдингиз, Самарқандни янгидан яратдингиз! Ўзбекистонни, ўзбек халқини, Самарқандни дунёга танитдингиз! Бизнинг халқимиз қаерда бўлмасин миннатдор халқ. Кайфиятлари аъло. Бу биз қилаётган ишни сиз раҳнамонинг қилаётган ишлари натижаси, деб биламан! Азиз, мўътабар Ислом Абдуғаниевич, биз халқимизни мана шундай улуғвор йўлларда бошлаб боришингизда сизга куч-қувват, соғлик-омонлик тилаймиз! Илоҳи ёмон кўздан Аллоҳнинг ўзи асрасин...”, - деди педагог гулдурос қарсаклар остида.

Самарқандлик ўқитувчининг оғзидан янграган бу сўзлар фақатгина мақтовмиди ёки декабрда ўтиши керак бўлган президент сайлови ҳақида ҳануз лом-мим дейилмаётган мамлакатнинг президенти Каримов учун сайловолди кампанияси томон ташланган дастлабки ошкора қадамми?

И.Каримовнинг иккинчи ва охирги муддати шу йил 22 январда ниҳоясига етган эди. Ўзбекистон ҳукумати бу санани мутлақо эътиборсизлик билан ўтказиб юборди ва расмийларнинг бири оғзидан президент сайлови 2007 йил декабрь ойининг учинчи якшанбасида ўтади, деган ишоратни берди. Бироқ декабрь ойига ҳам озгина фурсат қолди ва И.Каримов ҳукумати эса ҳануз сукут сақламоқда.

Ана шундай бир вақтда самарқандлик кекса бир ўқитувчининг катта байрам тадбирида юртбошига қараб бундай оташин нутқ сўзлаши ёлғизгина унинг кутилмаган ташаббуси бўлмаса керак, деган тахминни туғдиряпти. Айни вақтда президент И.Каримовнинг нутқи ҳам шундай хулосага олиб келади. Муҳими, ўз вақтида Туркманистонда айни манзара кузатилган эди.

3 йил муқаддам - 2004 йил октябрда Туркманбоши Халқ маслаҳатининг йиллик йиғилишида оламшумул баёнот қилган эди.

“Азиз қадрдонларим, агар қарши бўлмасангиз, сиздан бир илтимос қилсам. Мен таклифингиздан жуда миннатдорман. Лекин айтишим керакки, бир одам ҳамиша ёлғиз ва у ҳамма ишни ҳар доим бошқара олмайди. Айни вақтда бошқа одамлар етишиб чиқяпти. Агар қарши бўлмасангиз президент сайловини 2008 ёки 2009 йилга қолдирсак. Ахир, қадрдонларим, бу ерда етишиб келаётган бошқа одамлар ҳам бор. 70 ёшга кирганимдан кейин менга ҳам рухсат беринг, чунки ҳеч ким ва ҳеч нарса мангу эмас”, - деган эди Сапармурод Ниёзов ўшанда.

Бунга жавобан Халқ маслаҳати аъзоларининг жавоби тезкор ва итоаткорона бўлган эди - улар Ниёзовни умрбод президентликда қолишга яна бир карра чақирган эди. Ўшанда Туркманистон фермерлар уюшмаси раҳбари Мурод Сўфиевнинг чиқиши билан 3 йил кейин самарқандлик ўқитувчининг ўз президентига айтган гаплари билан деярли бир хил.

“Азиз юртдошларим, меҳрибон одамлар, президент сайлови ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Биз буюк сардоримизни, меҳрибон отамизни, меҳрибон президентимизни бир умрлик қилиб сайладик. Шунинг учун бу ҳақда энди гапиришга ҳеч ҳам ҳожат йўқ”, - деганида туркман фермерларининг раҳбари ҳам худди Самарқанддаги каби гулдирос қарсаклар остида қолган эди. Аммо умрбоқий президент Сапармурод Ниёзов 2006 йилнинг декабрь ойида вафот этди.

Собиқ иттифоқдан кейиноқ эгалланган президентлик курсисини тарк этмаслик ихтиёри Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарларида ҳам яққол намоён бўлган. Биргина Қирғизистон бу борада нисбатан демократик ёки қатағон нисбатан суст давлат сифатида эътироф этилади.

Аммо 2003 йилнинг сентябрида Қирғизистон ишбилармонлари уюшмаси раҳбари ўша вақтда президентлик курсисида ўтирган Асқар Ақаевга қарата туркманистонлик фермер ва самарқандлик ўқитувчи нутқига ўхшаш нутқни сўзлаган эди. Ўша вақтда ҳали президент муддати тугашига яна икки йил бор эди.

“Қирғизистон ишбилармонлари уюшмаси менга уларнинг фикрини билдириб қўйиш вазифасини юклади. Сиз томонингиздан жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Лекин ҳали қиладиган ишлар ҳам кўп. Шу боис, мамлакатимиз ишбилармонлари ўзингиз бошлаган ишларни ўзингиз якунига етказишингиз керак, деб ҳисоблайди. Суверен мамлакатимиз ривожланиши йўлидаги улкан ҳиссангизни инобатга олиб, биз сизни яна бир марта 5 йиллик муддатга президентликда қолишингизни сўраймиз”, - деган эди қирғизистонлик ишбилармон.

Тарих тақозосини қарангки, бундан беш йил муқаддам Қирғизистонда, 3 йил муқаддам эса Туркманистонда бўлган бу сиёсий манзаранинг бошланиш қисми ҳеч бир тафовутсиз Ўзбекистонда ҳам такрорланди. Ҳар икки давлатда президентликда қолиши сўралган президентларнинг кейинги даври хотимаси эса сизга маълум. Ўзбекистонни қайтадан яратдингиз, дейишгача мадҳ этилган президент Каримовнинг кейинги даври қандай бўлишини эса вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG