Линклар

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб бир фоизи наркоман

  • Фаррух Юсуфий

БМТнинг наркотиклар ноқонуний савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш агентлиги наркотиклар ноқонуний савдосига оид навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда ўтган йил давомида Афғонистонда етиштирилаётган қорадори миқдори мисли кўрилмаган даражада ошгани таъкидланади. НАТО етакчилигида мамлакатда афюн ишлаб чиқарилишини назорат қилиш бўйича амалга оширилаётган уринишлар натижа бермаяпти.

Агентликнинг минтақа бўйича мутахассиси Томас Питчман жаҳонда истеъмолга чиқарилаётган наркотикларнинг 95 фоизи Афғонистонда тайёрланаётганини айтади.

“Ҳисоботдаги нохуш хулоса Афғонистонда кўкнори майдонлари миқдори 17 фоиз ошгани бўлди. Афғонистонда етиштирилган қорадори миқдори 34 фоиз ошгани эса бунданда ташвишли ҳолдир”, - дейди Т.Питчман.

Унинг таъкидлашича, қорадорининг бундай катта миқдорда ишлаб чиқарилишига, бир томондан, бу минтақада ўтган йили об-ҳаво иссиқ келгани, иккинчи томондан, баъзи мамлакатларда унга бўлган талаб ошгани сабаб бўлган. Масалан, Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Марказий Осиё давлатларида қорадорига талаб мунтазаб ошиб бормоқда. Лекин Ғарбий Европада бу талаб сусаяётгани кузатилади.

Т.Питчман Ўзбекистон сўнгги йилларда қорадори истеъмолчилари сони мунтазам ва тез суръатларда ошаётгани, бугун ўзбекистонликларнинг қарийб 1 фоизи гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилаётгани, айниқса, ташвишли ҳол эканини билдирди.

“Жаҳон бўйлаб афюн истеъмолчилари сонига оид ўртача кўрсаткич 0,4 фоизни ташкил этса, Ўзбекистонда аҳолининг 0,8 фоизи наркомандир. Яъни Ўзбекистонда бу кўрсаткич жаҳон бўйлаб олинган ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпроқдир ва Ўзбекистонда бу муаммо жуда жиддий дейишимизга асослар бор. Устига-устак қорадори истеъмолчилари сони ошган сари мамлакатда ОИТС муаммоси ҳам жиддий тус оляпти”, - деди БМТ эксперти.

Т.Пичтман келтирган рақамлар Ўзбекистон расмийлари томонидан берилган маълумотларга асосланганини айтиш жоиз. Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда афюнга ружу қўйганлар сони бир неча баробар кўпроқ бўлиши мумкин.

БМТнинг наркотиклар ноқонуний савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш агентлиги директори Антонио Мариа Коста Кобулда қилган чиқишида бугунги вазиятдан ташвиш билдирди.

“Афсуски, бугунги вазият барчамиз муваффақиятсизликка учраганимизни намойиш этмоқда. Кўп жиҳатдан бу Афғонистон ҳукуматининг, мамлакат жанубида хавфсизликни таъминлаётган хорижий кучларнинг муваффақиятсизлиги бўлди”, - деди Антонио Мариа Коста.

Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ бу муаммонинг ечимларидан бири ўлароқ, кўкнори экинзорларини йўқ қилиш усулларини таклиф қилган. Бироқ Ҳомид Карзай ҳукумати қорадори етиштирадиган деҳқонлар “Толибон”га қўшилиб кетиши мумкинлигини айтиб, бу режаларга қарши чиққан.
XS
SM
MD
LG