Линклар

logo-print

Ўзбек муҳожирларининг кўрган куни қурсин

  • Озодлик

“Озод аёл” ноҳукумат ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг қарийб саккиз миллион фуқароси мамлакат ташқарисида тирикчилик қилади. Улар орасида қулликка тушганлари ҳам талайгина.

Ўзбекистоннинг олти миллиондан ортиқ фуқароси Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон каби Ўзбекистон билан визасиз тартибли мамлакатларда яшаб меҳнат қилаётир. Уларнинг анчагина қисми у ёки бу сабабларга кўра зўравонликка учрамоқда, қулликка ва мажбурий ишларга жалб қилинмоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти ҳам бир неча йиллардан бери муҳожирлар муаммоси билан шуғулланиб келади.

“Қарийб тўрт йилдан буëн Ўзбекистон прокуратурасига айни мавзудаги 300-400дан ортиқ мактуб тақдим этилди. Бизга Қозоғистондан, Россиядан муҳожирлар қўнғироқ қилиб, ачинарли аҳволга тушиб қолганидан арз қилади. Биз бунинг орқасидан бир неча жиноят ишлари қўзғатилишига эришдик. Аммо қанча ҳаракат қилмайлик, агар юқоридан муҳожирларнинг ижтимоий ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиëсатига оид дастур ишлаб чиқилмаса, ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди”, - дейди жамият раҳбари Васила Иноятова.

Шунингдек, у иқтисодий ночор вазият эркакларни иш қидириб мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилиб қўйганини, айрим жойларда эркак камлиги сабаблари дафн маросимларини ўтказиш ҳам аёллар зиммасига тушаётганини таъкидлади.

Хўш, Ўзбекистоннинг қарийб 8 миллион фуқароси хорижга иш излаб чиқиб кетишига оид маълумотга қанчалик тўғри?

“Қозоғистон ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, бугун Қозоғистонда 4 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир бор. Мен уларни шахсан санамаганман, аммо бу маълумотга ишонаман”, - деди В.Иноятова.

Ўзбек муҳожирларини қул қилиб ишлатиш, келишилган иш ҳақини бермаслик, уларга нисбатан зўравонлик кўлами ортаётгани кўпчиликка сир эмас.

Тошкентлик Неъмат ака ўтган йили ўз фарзандларини Қозоғистонга пул ишлаб келишга жўнатган. У ерда болалари калтаклаб ишлатилган ва на овқат, на пул берилган. Кейин эса отанинг ўзи фарзандларининг ортидан қўшни давлатга боришга мажбур бўлган.

“Шартнома бўйича улар қурилишда кунига 10 соатдан ишлаши керак эди. Ҳолбуки, уларни 18 соатдан ишлатишган, калтаклашган. Уйқу ҳам, овқат ҳам беришмаган. Охири ўзим бориб уларнинг пулини олиб бердим”, - дейди Неъмат ака.

Ўзбекистонлик аёлларнинг одам савдоси қурбонига айланиб бораётгани ҳақида ҳам жуда кўплаб маълумотлар бор. Бундай ҳолатлар Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатларда кузатилади.

Кузатувчилар фикрича, бу муаммоларни ечиш учун Ўзбекистон ҳукумати, аввало, одам савдоси билан боғлиқ муаммоларни обдон ўрганиши, бу жараëнда халқаро жамоатчилик тажрибасига таяниши лозим.
XS
SM
MD
LG