Линклар

logo-print

Ал-Маликий “баас”чиларни ҳукуматга яқинлаштирмоқчи


Аваз Алиев Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий ўз ҳукуматига нисбатан танқидлар кўпайиб бораётган бир пайтда шиалар, суннийлар ва курдлар етакчилари ўзаро ярашиш тўғрисида битим имзолаганини маълум қилди.

Бағдоддаги матбуот анжуманида ал-Маликий АҚШнинг Ироқдаги элчиси Райан Крокер, демократ сенаторлар Карл Левин ва Ҳиллари Клинтон томонидан билдирилган кескин тадқидларга ўз муносабатини билдириш имконини қўлдан бой бермади.

“АҚШ Конгресси ва ҳукуматидаги айрим расмийлар Ироқни ўз мулки ҳисоблайди. Бунга Карл Левин ва Ҳиллари Клинтон баёнотлари мисол бўлиши мумкин. Улар демократлардир ва менимча, улар демократия тамойилларини ҳурмат қилиши лозим. Бироқ улар чиқишларида Ироқни ўз мулки сифатида кўрмоқда”, - деди Нурий ал-Маликий.

Яқинда Ироқда бўлиб қайтган сенатор Карл Левин ал-Маликий ҳукумати мамлакатдаги сиёсий фракцияларни муросага келтириш масаласида тўлиқ муваффақиятсизликка учраганини айтиб, у истеъфога чиқиши шартлигини таъкидлаганди.

Бироқ Нурий ал-Маликий америкалик танқидчиларнинг Ироқдаги вазият борасида тассавури йўқлигини билдирди.

“Фикримча, Ҳиллари Клинтон ва Карл Левин сиёсий фаолиятлари давомида Ироққа ўхшаш жиддий сиёсий тортишув ва муаммоларга дуч келмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун улар хулосасида миллий ярашув талаб қиладиган тасаввур йўқдир. Мен уларни кечириб, миллий ярашув жараёни секин бўлса-да, бошқа давлатларга солиштирганда тез кечаётганини билдирмоқчиман”, - деди Ироқ бош вазири.

АҚШ президенти Жорж Буш ҳам Ироқ ҳукумати фаолиятидан қониқиш билдирмаган бўлса-да, лекин мамлакатни ким бошқариши ироқликлар хоҳиши эканини таъкидлаганди.

Ироқ бош вазирини Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер ҳам танқид қилишга улгурди. Американинг “Newsweek” журналига интервью берган Б.Кушнер ал-Маликий истеъфога чиқарилиши шарт, деган фикрни билдирди. Бироқ интервьюдан сўнг Б.Кушнер ал-Маликийдан узр сўради.

Мана шу тинимсиз танқидлар остида Нурий ал-Маликий 26 август куни Бағдодда мамлакатнинг сиёсий етакчилари билан учрашди. Мазкур учрашувдан сўнг бош вазир шиа, сунний ва курд етакчилари ўзаро ярашиш тўғрисида келишиб олганини маълум қилди.

Ироқ президенти Жалол Талабоний учрашувда муҳим масалалар муҳокама этилганини тан олди.
XS
SM
MD
LG