Линклар

Тожикистон энергетика лойиҳаларига Афғонистонни ҳам жалб қилмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ўзининг энергетик имкониятларини кенгайтириш, Панж дарёсида бу соҳадаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Афғонистон билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида.

Август ойи бошларида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Афғонистон энергетика вазири Исмоил Хон билан учрашувда тожик-афғон чегарасидаги Панж дарёсида гидроэнергетик лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишиб олган эди.

“Барқи тожик” холдинг компанияси матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Ёдгорий сўзларига кўра, собиқ иттифоқ даврларидаёқ Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Панж дарёсида турли қувватга эга бўлган 14 та ГЭСдан иборат каскад қурилиши режалаштирилган эди. Бироқ Афғонистон ва собиқ иттифоқ ўртасидаги келишмовчиликлар боис бу лойиҳа амалга ошмаган.

“Ўша даврда лойиҳалаштирилган 14 ГЭСдан энг йириги Даштижум ГЭСи бўлиб, у 4000 мегаватт қувватга эга. Бу ГЭС йилига 15,6 миллиард киловатт соат электр қуввати ишлаб чиқариб, икки давлатнинг йиллик эҳтиёжини қондира олади. Мазкур ГЭС тўғони баландлиги лойиҳа бўйича 320 метр, сув омбори сиғими эса 17,6 миллиард куб метрни ташкил этади. Мутахассислар Даштижум ГЭСи қурилиши учун тахминан 3 миллиард доллар зарурлигини айтмоқда”, - деди Нозиржон Ёдгорий.

Унинг билдиришича, Тожикистон ҳукумати ҳар қандай муаммоларга қарамай, Даштижум ГЭСини қуришга жорий йилдан киришмоқчи. Бу ГЭС ишга туширилса, электр билан таъминлашдан ташқари Афғонистондаги 1,5 миллион гектар экин майдонини суғориш имконини беради. Аммо бу ГЭСни қуришда Афғонистоннинг қатнашуви тўғрисида ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зумрад Ғайбуллоева Даштижум ГЭСини қуриш лойиҳаси бир қанча хорижий сармоядорларни қизиқтираётганини маълум қилди.

“Қатар, Қозоқистон, Осиё тараққиёт банки, ҳатто Афғонистоннинг ўзи ҳам мазкур ГЭС лойиҳаси билан танишмоқда. Бироқ ҳозир Даштижум ГЭСи қайси давлат ҳисобидан қурилиши аниқ эмас”, - деди Зумрад Ғайбуллоева.

Айрим мустақил кузатувчилар Амударёнинг асосий истеъмолчиси саналган Ўзбекистон учун бу ГЭС сув муаммоларини туғдириши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Жумладан, мустақил кузатувчи Расулжон Ғафурий катта қувватли ГЭСлар қурилиши минтақада сув танқислигини келтириб чиқариши табиийлигини айтади.

“Бу ўринда минтақа давлатлари манфаатларини назарга олган ҳолда иш кўриш зарур. Чунки сув захираларига оид масала жуда муаммолидир. Ҳар қайси давлат ҳам сув ва энергетика захиралари масаласида халқаро меъёрларга оид шартномалар асосида иш кўриши шарт”, - дейди кузатувчи.

Аммо Тожикистон ҳукумати расмийлари ва соҳа мутахассислари мамлакатда қурилажак ГЭСлар минтақа давлатларида сув муаммолари ва экологик хавф туғдирмаслигини уқтиришда давом этаётир.
XS
SM
MD
LG