Линклар

logo-print

Коммунистлар янги парламентнинг қонунийлигини тан олмайди


Қозоғистон Коммунистик партияси мамлакатда 18 август куни бўлиб ўтган сайлов натижасида тузилган парламентнинг қуйи палатаси – Мажлис легетимлигини тан олмаслигини маълум қилди.

Компартия раҳбари Серикбўлсин Абдилдин сўзларига кўра, муддатдан олдин парламент сайлови ўтказилиши ҳақида маълум бўлган кундан бошлаб конституциянинг сайловлар ҳақидаги бир неча моддаларига риоя қилинмаган.

“(Президент Нурсултон) Назарбоев ўз хоҳишича парламентни тарқатиб юборди, конституция ва халқаро этикага мутлақо зид равишда “Нур Отан” партиясига раҳбар бўлиб, Марказий сайлов комиссияси раиси ва унинг икки аъзосини ҳам ўзи тайинлади”, - деди партия раҳбари.

С.Абилдин сайловолди кампанияси ва сайлов натижаларини ҳам танқид қилиб, мамлакатда янги парламент сайлови ўтказилиши талаб қилди.

Мухолифатдаги Социал демократик партия эса сайлов қонунбузарликлар асосида ўтганини судда исботлашга уриняпти.

“Гарчи биз август охирида Қозоғистон бўйлаб норозилик намойишлари ўтказишни режалаштираётган, парламент сайлови қўпол қонунбузарликлар асосида ўтганини исботлаб бераётган бўлсак-да, бу ҳаракатларимиз ҳам ҳукумат томонидан инобатга олинишига кўзимиз етмайди”, - деди СДП етакчиси Жармахон Туёқбой.

Халқаро кузатувчилар Қозоғистондаги парламент сайлови қонунбузарликлар остида ўтганини эътироф этаётган бўлса-да, мамлакат ҳукумати бундай баҳоларга эътибор беришни ҳам истамаётгани сезилмоқда. Маҳаллий кузатувчилар ҳукумат мухолифатнинг сайлов натижаларидан норозилигига ҳам эътибор қаратмаслиги аниқлигини билдираётир.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаевнинг айтишича, ҳозир сиёсий ҳаётдан четга суриб қўйилган мухолифат жамоатчилик олдидаги обрўсини сақлаб қолиш учун турли норозилик ҳаракатлари қилишга уринмоқда.

Қозоғистонда сайловолди кампанияси бошланган кезлари баъзи хорижий кузатувчилар сайлов сохта ўтса, Қозоғистон МДҲда рангли инқилоб ўтказилган навбатдаги мамлакатга айланишини тахмин қилганди.

Аммо Марказий Осиёда демократик тараққиёт институти ходими Эркин Тўқумов Украина, Қирғизистон ёки Грузияда инқилобга туртки бўлган омиллар Қозоғистонда йўқлигини таъкидлайди.

“Бугунги кунда Қозоғистон ҳукумати етарли қудратга эгалиги, парламент сайлови эса унинг кучига яна куч қўшганини айтиш мумкин. Аҳолининг аксар қисми ҳукуматга содиқ экани ҳамда мавжуд мухолифат сайловда мағлуб бўлиб ҳам гиперрадикал ҳаракатга интилмаётгани Қозоғистонда инқилоб ёки давлат тўнтариши каби ҳолатларнинг юз бериш эҳтимолини йўққа чиқаряпти”, - дейди Э.Тўқумов.
XS
SM
MD
LG