Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:40

Яна бир маҳбуснинг жасади уйига қайтди


“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб Навоий вилоятидаги 64/48-қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган маҳбус Ортиқжон Муҳаммедовнинг жасади Тошкентдаги оиласига қайтарилди.

У қамоқхонадаги диний мотивлар асосида қамалган маҳбуслар эълон қилган очлик тадбирини куч билан бостириш қурбони бўлгани айтилмоқда.

17 август куни тушдан кейин бошланган очлик акциясида маҳбуслар мамлакатда диндорларга қарши қатағонни, жазо муддати тугаганларга сохта жиноят ишлари очишни ва уларни қийноққа солишни тўхтатишни, қамоқхона шароитини яхшилашни талаб қилган.

Маълум бўлишича, О.Муҳаммедовнинг жасади Тошкентнинг Чилонзор даҳаси Арча кўчасидаги уйига ярим тунда олиб келинган. Расмийлар жасадни тезда кўмишни талаб қилган.

“Ортиқжон Муҳаммедов қамоқда уриб ўлдирилган. Мурдани кўрганларнинг айтишича, Ортиқжоннинг бутун бадани моматалоқ бўлиб кетган. Жасад калтак изларидан таниб бўлмас ҳолга келган. Қамоқхонага ҳарбийлар бостириб кириб, ур-калтак қилган, оқибатда Ортиқжон калтак зарбидан ўлган”, - дейди “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган аёл.

Суҳбатдош аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам 64/48-қамоқхонада жазо муддатини ўтаган.

Аёлдан олинган маълумотга кўра, норозилик тадбири уюштирган маҳбуслар устига қуролли ҳарбийлар ташланган. Очлик тадбиридан кейин қамоқхонада тазйиқлар кучайган ва маҳбуслар аëвсиз калтакланган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, бу қамоқхонада жами 2 мингга яқин маҳбус бор ва улардан 300га яқини диний мотивлар асосида қамалган.

Шу ўринда эслатиш жоиз, сўнгги бир ой ичида Навоий вилоятидаги 64/36-қамоқхонадан ҳам икки маҳбуснинг жасади келди. Улардан бири қийноқлар остида, яна бири эса сил касаллиги туфайли оламдан ўтган эди. Ортиқжон Муҳаммедовнинг жасади ҳам шу вилоятдаги, аммо Зарафшон шаҳридаги 64/48-қамоқхонадан келтирилган.

Ўзбекистоннинг расмий ташкилотлари, хусусан, Жазони ижро этиш бош бошқармаси 64/48-қамоқхонада бўлаётган воқеаларга оид бирор бир расмий маълумот ёки шарҳ бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG