Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:54

Собиқ муфтий яна амалдор бўлди


Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов томонидан авф этилиб, 9 август куни озодликка чиққан мамлакатнинг собиқ муфтийси Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳ президент ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига масъул лавозимга тайинланди.

Марҳум Туркманбоши томонидан ватанга хиёнатда айбланиб 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ муфтий озодликка чиққанидан сўнг тинчгина ибодат билан шуғулланиши маълум қилганди.

“Озод бўлганимдан хурсандлигим орқасидан Туркманистон президенти ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига мулозим қилиб тайинлашгани ҳақида хабар олдим. Бугундан енг шимариб ишга киришдим”, - деди Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳ туркман телевидениесига берган интервьюсида.

Озодликка чиққан собиқ муфтий ўзи туғилиб ўсган Тошовуз вилоятига келиб элга ош берди. Бу маълумотни “Озодлик”ка етказган манбанинг сўзларига кўра, худойига Ўзбекистондан ҳам собиқ муфтийнинг муридлари келган.

Диний эркинликларни ҳимоя қилувчи “Форум 18” ташкилотлари тарқатган хабарга кўра, Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳ озодликка чиққани учун берган худойида минглаб одам қатнашган.

“Форум 18” ташкилотининг билдиришича, собиқ муфтийнинг мухолифатчи Борис Шихмуродов тарафдорларини ўлимга ҳукм қилмаслик керак, деган фикри ўша вақтда Туркманбошига ёқмаган. “Руҳнома”ни Қуръони карим билан тенглаштириш ширк, деган гапи ҳам Сапармурод Ниёзовнинг ғазабини келтирган.

Насрулло ибн Ибодуллоҳ президент Қ.Бердимуҳаммедов шу йил февралда ташкил қилган сиëсий маҳбусларни авф қилиш комиссияси хулосасига кўра озод этилган.

“Халқора амнистия” ташкилоти вакили Анна Сандр Плазмен комиссия ташкил қилинишини маъқуллаш баробарида бу комиссия қандай тамойиллар асосида иш юритаётгани, нега бир гуруҳ сиёсий маҳбуслар озод этилиб, бошқалари ҳибсда қолаётгани сабаблари аниқ эмаслигини билдирди.

Айни пайтда туркман қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбуслардан бири 2003 йилда Туркманбоши жонига қасд қилишда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Борис Шихмуродовдир. Унинг ҳозир мамлакат ташқарисида яшаëтган ўғли Байрам Шихмуродов отасининг қамоқдан озод бўлишига умид қилмоқда.

“Сиëсий маҳбусларни озод этиш жараëни бошланганидан хурсандман. Нимадандир бошланиши керак-ку ахир. Бу борада мен жуда некбин фикрдаман. Озод бўлганларни муборакбод этаман”, - деди Байрам Шихмуродов.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази вакили Виталий Пономарёв ҳам Туркманистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбуслар озод этилишига умид қилади.

“Қолган сиëсий маҳбуслар озод бўлишидан умид бор. Аммо расмий Ашхободнинг бу борадаги истаги номаълум қолмоқда”, - деди В.Пономарёв.
XS
SM
MD
LG